Ўзбекистонда 25 ёшдан ошган қандли диабетга чалинган беморлар инсулин билан бепул таъминланади

Президентимизнинг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатишни таъминлаш учун тиббий кузатув ва патронажнинг янги моделини жорий этиш белгиланган.

Унга кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

оилавий шифокорларни эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрлаш;

эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамширасини бириктириш;

патронаж ҳамшираси томонидан эндокрин касаллиги бўлган, умумий ҳолати қониқарли ёки хавф гуруҳидаги аҳолини эрта аниқлаш ва дифференциаллашган ёндашув асосида кузатиб бориш;

тиббий кузатув натижалари бўйича хавф омиллари юқори бўлган беморларни шифокор олди кўриги хоналари ҳамширалари ҳамда оилавий шифокорларга йўналтириш;

эндокрин касалликлар бўйича хавф гуруҳига кирувчи беморлар устидан доимий кузатув ўрнатиш мақсадида барча тиббиёт бригадаларини глюкометр ва махсус тест япроқчалари билан таъминлаш;

ташхислаш ва даволаш мақсадида беморларни бир кунлик диагностик стационар кузатиш тизимини жорий этиш белгиланган.

Бундан ташқари «Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, қандли диабет касаллигига чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича қатор муҳим вазифалар ҳам белгиланди.

Қайд этилишича, эндиликда 25 ёшгача бўлган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар аналогли инсулин ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситалари (глюкометр ва махсус тест япроқчалари) билан, қандсиз диабет билан касалланган беморлар, соматотроп етишмовчилиги билан касалланган болалар ҳаётий зарур махсус дори воситалари (десмопрессин ва ўсиш гормони) билан бепул таъминланади.

Шунингдек, 25 ёшдан ошган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган инсулинга муҳтож, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган беморлар одам инсулини билан, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган ҳамда эҳтиёжманд сифатида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган беморлар метформин дори воситаси билан бепул таъминланади. Беморларга бепул бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар марказлашган тартибда харид қилинади ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари орқали тақсимланади.

Бундан ташқари, тиббиёт бригадалари глюкометрлар билан таъминланади. 2022 йил 1 апрелга қадар:

зарур глюкометр, махсус тест япроқчалари ҳамда игналар марказлашган тартибда харид қилинади ва тиббиёт бригадаларига етказилади;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида белгиланган стандартларга мувофиқ жиҳозланган шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилади;
туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги эндокринолог шифокор хоналари зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланади.