Миришкордаги жиноятларни яшириш учун қўйилган «томоша» қимматга тушди

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари кадрлар заҳирасидаги ходим — У.Яхшиев Миришкордаги пора олиш жиноятини таниши Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Бахриев билан олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда содир этганлиги аниқлаган эди.

Вилоят прокуратураси маълум қилишича, дастлабки тергов органи томонидан Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Бахриевнинг содир этилган жиноятга бевосита дахлдорлигини исботловчи етарли далиллар тўпланганлиги сабабли, Бахриев 11.02.2022 йилда жиноят ишида гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, шу куни ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Бундан ташқари, вилоят прокурорининг фармойишига мувофиқ прокуратура ва ички ишлар идораларининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга қаратилган фаолиятини барча туман-шаҳарларда ўрганиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ томонидан 2022 йилнинг 7-10 февраль кунлари Муборак туман прокуратураси ва ички ишлар бўлимининг бу борадаги фаолияти ҳужжатларни таҳлил қилиш орқали ўрганилган.
Ўрганишлар давомида, туман ИИБнинг терговга қадар текшириш, дастлабки тергов ва жиноятларни фош этиш бўйича фаолиятида бир қатор камчиликлар, хусусан, ўғирлик, безорилик, талончилик ва фирибгарлик каби жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатлари аниқланган.

Жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганида бунга даҳлдор бўлган шахслардан тушунтириш олиш, қонунда назарда тутилган тартибда далилларни тўплаш суриштирув ва тергов органларининг ҳам ваколати ҳам мажбурияти ҳисобланади.

Шу сабабли, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида жиноятдан жабрланган фуқаролар ва мазкур хабарлар юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини ўтказган ИИБ ходимларидан тушунтиришлар олинган.

Жиноятларни яширишга бевосида даҳлдорлиги аниқланган шахслар эса жиноий жавобгарликдан қутилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ёлғон маълумотлар тарқатиш орқали аҳолини чалғитишга ҳаракат қилишган.

Ҳозирда, вилоят прокуратураси томонидан ҳисобдан яширилган 3 та ўғрилик, 3 та безорилик, 1 та талончилик ва 1 та фирибгарлик жиноятлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган,- дейилади хабарда.