​​Россиядаги ўзбекистонликлар учун 2 та махсус поезд рейси қўйилди

Россиядаги Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга келишлари учун қулайлик яратиш мақсадида 2022 йил февраль ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан Волжский—Тошкент йўналишида 483-сонли махсус йўловчи поездининг икки маротаба қатнови амалга оширилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу поездлар 2022 йил 18- ва 25 февраль кунлари соат 20:50 да «Волжский» темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга оширади. Поездга фақат бир томонга, яъни Волжский—Тошкент йўналишига чипталар сотилади. Чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган.

Россиядаги фуқароларнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси билан «Ўзбекистон темир йўллари» веб-сайти орқали «E-ticket.railway.uz»дан чипталарни электрон тарзда харид қилиб, жўнатиши ҳам мумкин.