Хакерлар Ўзбекистон орқали Украина порталига ҳужум қилди

Хакерлар Украинадаги давлат хизматлари сервисига Ўзбекистон орқали ҳужум уюштиргани маълум қилинди .

15 февраль куни Украинадаги турли давлат идоралари ва катта банкларнинг сайтлари фаолиятида бир неча соат давомида узилиш ҳамда тўхталишлар кузатилгани тўғрисида хабар берилганди. Украина рақамли трансформация вазири Михаил Федоровнинг маълум қилишича, «Дия» давлат хизматлари сервисига DDoS-ҳужум Ўзбекистон орқали амалга оширилган.

«Бошланғич вектор — Россия ва Хитой. Сониясига тахминан 600 минг пакет зарарли трафик. Мутахассисларимиз ушбу йўналишни тезкорлик билан ‘кесди’, бироқ ҳужумлар Чехия ва Ўзбекистон орқали қайтди. Ва яна улар ‘қайтарилди’. Фойдаланувчилар учун ҳужум ҳаракатлари сезилмаган», — дейди Федоров.

Бундан ташқари, Украина Мудофаа вазирлиги, Қуролли кучлар, «Приватбанк» ҳамда «Ошадбанк»нинг сайтлари DDoS-ҳужумларга учраган.