Божхона тизимига жиддий ўзгаришлар киритилади

Айни дамда Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022-йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупсиядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Йиғилишда беш йиллик Тараққиёт стратегиясида экспортни 30 миллиард долларга, хорижий туристлар сонини 7 миллионга етказиш белгилаб олинган.

«Бу катта марралар. Бунинг учун, божхона тизими пастдан бошлаб, энг юқори бўғингача ўзгариши керак. Топшириғимга кўра, қўмитанинг янги раиси бевосита постларда ходимлар, аҳоли ва тадбиркорлар билан юзма-юз гаплашиб, ҳар бир масалани ичига кириб ўрганди.

Вилоят ҳокимлари бир нарсани аниқ тушуниши керак. Божхона постлари давлатимиз юзи, биринчи таассурот ҳам айнан божхонадан бошланади. Божхона постига қараб, ҳар бир ҳокимнинг маданиятига баҳо берилади. Улар атрофида равон йўллар, экилган манзарали дарахт ва гуллар, аҳоли учун қулай шароитлар бўлиши шарт», — деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра,божхона хизматларини рақамлаштиришни 2022-йилда 70 фоизга, 2023-йилда 100 фоизга етказиш бўйича дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари замонавий комплаенс тизими жорий қилинади. Бунда:

  • 1 майдан бошлаб юк декларациясини расмийлаштириш постлардан чиқарилади ва тадбиркор билан бевосита мулоқотсиз, масофавий амалга оширилади;
  • 1 июлдан товарлар коди ва қийматини белгилаш, божхона кўригини ўтказиш, имтиёзли декларация расмийлаштиришда коррупцион хавфлар автоматлашган тизим орқали аниқланади;
  • 1 сентябрдан бошлаб барча электрон божхона хизматлари “ягона дарча” тизими орқали кўрсатилади;
  • йил якунига қадар божхона кўриги жараёнларини тўлиқ қамраб олган электрон тизим ишга туширилади.