Ўзбекистонда божхона ходимлари ва уларнинг фарзандларига ОТМга киришда алоҳида квота ажратилади

​​Ўзбекистонда божхона ходимлари ва уларнинг фарзандларига ОТМга киришда алоҳида квота ажратилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, йиғилишда божхона тизимида келгуси икки йилда аёллар улушини камида 2 баробарга ошириш бўйича вазифа қўйилган.

Йиғилишда божхона ходимларининг ҳалол ишлашини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш – коррупцияга қарши курашишда энг муҳим масала эканлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан:

  • бир ой муддатда битта постда 3 йил ишлаган ходимлар ротация қилинади;
  • 1 мартдан барча божхона ходимлари фақат очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади;
  • божхона тизимида ходимлар даромади ва мол-мулкини декларация қилиш жорий этилади;
  • божхона ходимларининг фаолияти самарасига қараб, иш ҳақига 50 фоизгача қўшимча устама тўланади. Бу устамалар аниқ кўрсаткичлар (KPI) асосида белгиланади;
  • олис ва шароити оғир постларда ишлаётган ходимлар иш ҳақига қўшимча устамалар жорий этилади;
  • божхона ходимларига махсус унвон учун устамалар миқдори оширилади, – дейилади хабарда.