Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати миллиардернинг синглисига оид маълумотларни инкор қилди

Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиеванинг Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги пул маблағлари ва шахсий ҳисоб рақамлари билан боғлиқ хабарлар ва маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги маьлум қилинди.

«Баъзи масъулиятсиз оммавий ахборот воситалари OCCRP маълумотларига таяниб, таниқли тадбиркор, молиячи ва меценат Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Бурҳоновна Нарзиеванинг шахсий ҳисобрақамларига қўйилгани айтилаётган катта пул маблағлари ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Саодат Нарзиеванинг маблағлари ва шахсий ҳисобрақамларига оид бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди ва Алишер Усмоновнинг обрўсига путур етказиш мақсадида тарқатилмоқда. Маълумотни тарқатганлар ‘қовурилган фактлар’га ҳавола қилиб, журналист этикаси меъёрларини эътиборсиз қолдирган. Ушбу ёлғон маълумотларнинг эълон қилиниши Алишер Усмоновнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказади», дейилади ахборотда.

Аввалроқ, Швейцария банкида шахсий ҳисоб рақамга эга Ўзбекистонликлар сафида Саодат Нарзиеванинг номи ҳам келтирилган эди.