Бир куни кўчада сайр қилиб юрган киши йўл четида ўтирган кекса одамни кўриб қолди. У мўйсафиднинг қаршисига келиб, мурожаат қилди:
– Отахон, улуғ ёшли инсон экансиз, анчагина узоқ ҳаёт йўлини босиб ўтгансиз. Шубҳасиз, жуда доно бўлсангиз керак. Айтинг-чи, мана, мен ёш ва кучлиман-у, аммо ҳеч қаердан иш топа олмаяпман, ўғлим гиёҳвандликка берилди, қизимни ҳам яхши тарбиялай олмаяпман, аёлим эса кун бўйи уйда ўтирса ҳам, ҳеч қаерга қарамайди. Хўш, мен бу вазиятда қандай йўл тутишим керак? Нима қилсам, буларнинг ҳаммасини ўзгартира оламан?
Қария жавоб берди:
– Эшигинг устига кичкинагина тахтача осиб, унга “Ҳамиша шундай бўлавермайди” деб ёзиб қўй.
– Шу холосми? – ҳайрон бўлди эркак.
– Шу холос, – жавоб қилди кекса киши.
У уйига бориб, қария айтгандек қилди. Бир қанча вақт ўтгач, унинг ўғли гиёҳвандликни ташлади ва ҳатто қилган иши гуноҳ эканини тан олиб, тавба қила бошлади. Қизи ёш билан йигит билан яхши кўришиб, оила қурди. Аёли ҳам ўзгарди ва рисоладаги бекага айланди. Эркакнинг ўзи эса сердаромад ишга жойлашди ва кўп ўтмай, ҳатто машина сотиб олди.
Кунларнинг бирида у таниш кўчадан ўтиб бораётиб, икки йилча олдин кекса мўйсафидни учратган жойида тўхтади. Қария ҳали ҳам шу ерда ўтирганди. Эркак унинг олдига яқинлашаркан, машинадан тушмаган ҳолда, унинг ойнасини очиб, сўз қотди:
– Ҳа, бобой, ҳалиям ўтирибсизми? Мен бўлса, кўриб турганингиздек, анча нарсага эришдим. Ўғлим гиёҳвандликни ташлади, энди у тақволи йигит, қизим севиб, севилиб турмушга чиқди. Аёлим ҳам яхши рафиқага айланди. Ўзим ишга жойлашдим ва энди ишхонамда мартабали бошлиқман. Сиз эса ҳалиям ўшандек ўтирибсиз, нўноқ чол! Хўш, энди менга нима деб маслаҳат берасиз?
Бу гаплардан қариянинг чеҳраси ўзгармади, аксинча, у суҳбатдошига хотиржам тикилганча, деди:
– Ҳалиги тахтача бор эди-ку, шуни олиб ташламагин…