Юлдуз Усмонова унинг концертига билет сотиб олиб кирган томошабинларга (ёки уларнинг бир қисмига) очиқдан-очиқ қўполлик қилганлиги кўриниб турибди. Концертга келган узоқ-яқиндан келган аёлларни сенсираб, “бошқа концертда қиласан унақаларингни. Жим ўтирамиз” деб бақириб ташлаган. Ҳуллас, томошабинлар олдида ўзини жуда ҳам қўпол тутган. Хўш, айни шу вазиятда Юлдуз Усмонова қандай қонунбузарликларга йўл қўйди?
Усмонова бу концертда пул тўлаган томошабинлар учун хизмат кўрсатаётган бўлган ва хизмат кўрсатиш давомида ўша юзлаб (ёки минглаб) томошабинлар ўзларини истеъмол ҳуқуқлари бузилган деб даъво қилишлари мумкин.
Бу ерда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бузилган бўлади. Бу қонуннинг 19-моддасига асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
Усмонованинг томошабинларга қилган қилиқларини иккиланмай, сифатсиз хизмат дейиш мумкин. Чунки концерт дастурлари бу кўнгилочар хизмат турларидан биридир. Кўнгил очиш ва маданий хордиқ олиш учун билет сотиб олиб, аксинча, бу концерт ижрочисидан дўқ-пўписа ва қўполлик қабул қилиб, кўнгил бузилиб чиқиб кетиш, сифатсиз хизмат деб топилиши мумкин.
Юқоридаги қонуннинг 19-моддаси 13-қисмига кўра, сифатсиз бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар учун ижрочи ушбу Қонуннинг 20, 22, 27, 29-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Демак, бундай жавобгарликларга моддий жавобгарлик, яъни ҳуқуқим бузилди деб ҳисоблаган томошабинга билет учун тўланган ва шу концерт жойига келиш учун қилинган ҳаражатларни қайтариш, маънавий зарар учун жавобгарлик, яъни Усмонованинг дағдағалари ва пўписаларидан ўзини камситилган деб ҳисоблаб, руҳий азоб тортган томошабинларга суд белгилайдиган зарарларни тўлаш ҳамда маъмурий жавобгарлик, яъни томошабиннинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқини бузганлиги учун маъмурий жазолар мавжуд.
Бундай ҳолатларда белгиланган талабларга жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиб, истеъмолчига зарар етказганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 178-моддасига асосан ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Кейин, жамоат тартибини бузувчи хатти-ҳаракатлар қилиб жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик деган ҳуқуқбузарлик ҳам бор, буни майда безорилик деймиз. Агар хонанданинг ҳаракатларида майда безорилик ҳам бор деб топилса, унга нисбатан МЖтКнинг 183-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа жазоси хавф солиши ҳам мумкин.
Ҳуллас, жамиятда содир қилинган барча ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррар. Лекин, баъзан гувоҳи бўляпмизки, бошқалардан фарқли равишда Усмонова қонунбузарлиги учун барибир жазосиз қолмоқда ва ёмон томони бу уни яна қайта-қайта ҳуқуқбузарлик қилишига олиб келмоқда. Опани тўхтатиб бўлмаяпти.
Тил қурсина, тил қурсин!