Солиқ маъмурчилигига оид барча ўзгаришлар тўхтатиб турилади — Тимур Ишметов

Ўзбекистонда ҳукуматнинг асосий вазифаси макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш бўлади. Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов маълум қилди.

“Топшириқ олиндики, тасдиқланган бюджет тақчиллигини сақлаб қолиш, яъни ортиқча харажатларга йўл қўймаслик. Иш ҳақи, пенсия, нафақаларни ўз вақтида тўлаб бориш бўйича чоралар кўриш.

Солиқ маъмурчилигига оид барча ўзгаришларни бир неча ойга ёки келгуси йилга қолдириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари билан иш олиб борилади.

Марказий банк томонидан асосий ставкани ошириш чораси ташқи омиллар таъсирида вақтинчалик инструмент сифатида кўриляпти. Бизда иккита йирик дастур бор: ипотека ва таълим кредити.

Тижорат банкларидан ипотека бўйича 20 йилга, таълим кредити бўйича 7 йилга ресурслар давлат бюджетидан банкларга ажратилади. Марказий банк ставкаси бунга боғланган эди. Қонунчилик бўйича ресурслар уч фоиз бандга ва банкдан ажратилган кредитлар ҳам уч фоиз бандга ошиши керак эди. Лекин йил охиригача бу чорани қўлламаслик топшириғи берилди”, — дейди молия вазири.