Афғонистон мудофаа вазирлиги аскарларга янги таъқиқ қўйди

Афғонистон мудофаа вазирлиги аскарларга смартфонлардан фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб маълум қилди.

“Ҳарбий корпус, бригада ва қисмлардаги аксарият аскарлар смартфонлардан фойдаланмоқда. Бу эса уларнинг қимматли вақтини бекор ўтказиш билан тенг, шунингдек, аскарлар руҳиятига ва умумий сафарбарликка салбий таъсир кўрсатади”, — деган у. 

Шу билан бирга, Муҳаммад Ёқуб фақатгина офицерларга, зарурат туғилгандагина смартфон ишлатишга рухсат берган. Маълумотларга кўра, бу фақатгина штаб бошлиғи, унинг биринчи ўринбосари, шунингдек ҳарбий корпус, бригада ва қисмлар қўмондонларигагина тааллуқли. 

Аввалроқ Афғонистонда BBC фаолияти тақиқлангани тўғрисида хабар берилганди.