Бугун дорихоналардан бир турдаги препаратнинг ҳатто ўнлаб номдаги муқобилларини топишингиз мумкин. Бу, албатта, қувонарли ҳолат. Аммо фармацевтика бозорининг ривожланиши дори аллергияси билан боғлиқ хасталиклар авж олишига туртки бўлаётгани ҳам сир эмас.
Масалан, ўтган асрнинг 40-йилларига қадар дори-дармонлар билан даволаш асоратлари дунё бўйича бор-йўғи 0,5-1,5 фоиз беморларда кузатилган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 15-30 фоизга етган.
— Аллергия қўзғатувчи препаратлар рейтингида антибиотиклар етакчилик қилади, — дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. — β-лактамлар гуруҳига мансуб пенициллин, амоксициллин, цефазолин, цефотаксим каби антибактериал воситалар ҳамда сульфаниламидлар таркибига кирувчи сульфадиазин, сульфадоксин сингари препаратлар шулар жумласидан.
Иккинчи ўринда стероид бўлмаган яллиғланишга қарши дориларни келтириш мумкин. Деярли барча оғриқ қолдирувчи ва антипиретик воситалар шу гуруҳга киради.
Қолаверса, маҳаллий анестетиклар — новокаин, лидокаин ва бошқалар кўпинча аллергияни келтириб чиқаради. Таркибида йод моддаси мавжуд дорилар ҳам кенг тарқалган аллергенлар ҳисобланади.
Шифокорнинг таъкидлашича, дори аллергияси одатда тўсатдан бошланади ва инсон ҳаёти ҳамда саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Анафилактик шок, токсикоаллергия, Лайелла ва Стивенс-Джонсон синдромини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
Кўпинча дори аллергияси аломатлари тошмалар, эшакеми, ангионевротик шиш билан намоён бўлади. Бир турдаги препаратнинг такрорий қабул қилиниши дерматитга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга, айрим ҳолларда тана ҳарорати кўтарилиши кузатилади.
Дориларга аллергия уларни такрорий қабул қилиш туфайли ривожланади. Масалан, бир вақтнинг ўзида микробларга қарши бир неча препаратларни ичиш хасталикни кучайтириб юбориши эҳтимоли мавжуд.
Шу ўринда аллергия нафақат дорилар, балки уларга қўшиладиган турли бўёқ ва ароматизаторларга нисбатан ҳам пайдо бўлишини унутмаслик лозим.
Дориларга аллергия нафас йўллари касалликларини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Ҳатто у қон таркибида лейкоцитлар сони камайиши, камқонликка сабаб бўлиши хавфи мавжуд. Баъзида буйрак, юрак, қон томирлари ва талоқ шикастланиши ҳам дори аллергияси оқибатида содир бўлади. Шундай экан, дориларни, албатта, шифокор тавсияси билан истеъмол қилиш зарур.