Фарғонада ўзини осган икки нафар талаба юзасидан Бош прокуратура қўшимча маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда 2021 йилнинг 29 декабрь куни Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети (KIUF) икки нафар талабасининг (йигит ва қиз) биргаликда осилган жасадлари ўқув даргоҳи яқинидаги дала майдонидан топилгани, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур ҳодисага етарлича эътибор қаратмагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, қайд этилган олийгоҳнинг икки нафар талабаси Фарғона шаҳрида жойлашган МФЙ ҳудудидаги фермер хўжалиги ер майдонидаги тут дарахтига арқондан сиртмоқ ясаб, ўз жонларига қасд қилишган.

Суд-тиббий экспертиза хулосаси кўра, ҳар икки талаба ўлимига «бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши натижасида юзага келган механик асфикция» сабаб бўлган. Ҳолат юзасидан бир эмас, икки бор терговга қадар текишириш ўтказилган.

Дастлаб, Фарғона шаҳар прокуратураси катта терговчиси томонидан ўтказилган текшириш якуни бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Мазкур қарор Фарғона вилоят прокуратураси томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текшириш ўтказиш ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиш Фарғона шаҳар прокуратурасига юклатилади.

Такрорий тешириш жараёнида иш ҳолати ва барча тусмоллар (версиялар) бўйича батафсил ўрганилган, шунингдек, ҳодиса содир бўлган вақтга қадар даврни хронологик тезкор йўллар билан тиклаш мақсадида марҳум ва марҳуманинг ҳаракат йўналишларини аниқлаш учун жамоат жойлардаги видеокузатув камералари бирма-бир ўрганилган. Натижа шуки, бир-бирига кўнгил қўйгани айтилган талабалар жиноят қурбони бўлганига оид важлар тасдиқланмаган, бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаган.

Қўшимча қилинишича, иккинчи бор ўтказилган терговга қадар текшириш натижаларига кўра қабул қилинган (жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор) яна бир бор вилоят прокуратурасида ўрганилган ва уни бекор қилиш учун асослар топилмаган.