Москва вилоятида юз берган ёнғиндан кейин Ўзбекистон фуқароларининг ҳолати маълум қилинди

Москва вилоятининг Мытищи шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида 2022 йил 3 май куни содир бўлган ёнғин юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси ходимлари тегишли ташкилотлар вакиллари билан тезкор алоқа ўрнатди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин сигарета қолдиғи ўчирилмагани натижасида келиб чиққан.

Хонадон эгаси 4-қаватдан сакраб, олган жароҳати натижасида ва яна 2 нафар Ўзбекистон фуқароси лифтда ҳаво етишмаслиги натижасида вафот этган.

Ҳозирда ушбу ҳолат назоратга олинган ва вафот этган юртдошларимиз Россия Федерациясида расмий меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётгани сабабли уларнинг жасадларини Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ватанга қайтариш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.