Самарқандда ЙТҲда 3 нафар фуқаро вафот этди, улардан икки нафари мактаб ўқувчиси

Жорий йилнинг 8 май куни Самарқанд туманида «Nexia» каналга ағдарилиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, воқеа соат 02:40 атрофида туманнинг Бадал МФЙ ҳудудида содир бўлган.

Аниқланишича, «Nexia» автомобили ҳайдовчиси ҳаракатланиб кетаётиб бошқарувни йўқотган ва каналга ағдарилган. Машинанинг олд ўриндиқларидаги ҳайдовчи ва йўловчи сувдан чиқишга улгурган, орқада ўтирган 3 фуқаро: 15, 16 ҳамда 29 ёшли йигитлар ҳалок бўлган. Уларнинг икки нафари мактаб ўқувчиси бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.