Фарғонада Президент билан актёр “уста”лар учрашдими?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлиб турган вақтида давлат раҳбари билан сохта “уста”лар учраштирилгани, барча ҳолат олдиндан режалаштирилгани айтилмоқда. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда вилоятнинг фаол журналистларидан тортиб, табиийлик йўқолганини сезган ҳар бир киши ёзмоқда.

Маълум қилинишича, бу ҳолат Президент Фарғона вилояти Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасига тарифи чоғида юз берган. Президентнинг орқа томонида қўлини кўксига қўйиб, “мўмин”гина бўлиб турган “уста” аслида Фарғона вилояти Фурқат тумани ҳокими Жаҳонгир Сабиталиевичнинг ҳайдовчиси.

Ушбу хабардан сўнг эса яна бир янгилик ойдинлашди. Бу ҳақда Фарғона вилоятидан фаол блогер Олимжон Ҳайдаров маълум қилди.

“Бироз аввал Президентни Фарғонага ташрифи чоғида Фурқат туманидаги оилавий корхонага боргани, у ерда “уста” деб кўрсатилганларни бири аслида туман ҳокимининг ҳайдовчиси эканлиги ҳақида ёзгандик.

Ҳозир кузатувчилардан хабар келди.

Бу корхонадаги “уста”лардан яна бири аслида бу касбга алоқаси йўқлигини айтиб қолишди.

Бу суратдаги “уста” аслида уста Муҳаммадали Юнусовнинг маҳалласидан бўлиб, у маҳаллий 21-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди(тахминан ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ҳам бўлиши мумкин), гапга уста бўлгани учун “уста” образига кирган.

Мени ҳайрон қолдиргани қайси юрак, қайси жасорат билан Президентни алдашмоқда булар”, дея ёзган у.

Ушбу ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ҳокимлигидан расмий изоҳ кутиб қоламиз.