“Бу ерда ҳаммангиз саводсизсиз, саводлига ақл ўргатасиз!” Ўзбекистондан Қирғизистонга юборилган ҳужжат рад қилинди

Қирғизистон Парламентнинг Халқаро ишлар, хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси Ўзбекистон билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича келишувни рад этди. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Маълум қилинишича, депутатлар келишув лойиҳаси матнида синтактик, грамматик, тиниш белгиларида хатоликларни аниқлаб, рус тилидан қирғиз тилига нотўғри таржима қилинганини қайд этган.

«Ҳужжатни ўқишдан уяламан. Бу нимаси? Сиз қаердансиз, қайси университетни битиргансиз? Бу вазир имзолаган ҳужжатми? Вазир ўқимаган бўлса керак. Ҳозир ўқиш билан боғлиқ муаммоларимиз бор», — деган депутат Адахон Мадумаров.

Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азамат Мамбетов халқ депутатларини хатоларга қарамай, ҳужжатни қўллаб-қувватлашга чақирган. «Тилшунослар билан ишлаймиз ва чора кўрамиз. Ўзбекистон томони 26 май куни етиб келади», — деган у.

Халқ депутати Нуржигит Қодирбеков Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таржимонини жазоламасликни сўраган. «Бу таржимоннинг айби эмас. Аввал лойиҳани расмий тилида тайёрлаб, кейин уни давлат тилига ўгириш амалиётидан воз кечиш керак. Ҳар бир ходим икки тилда ишлаши ва ёзиши керак», — дея таклиф қилган у.

Яна бир депутат Нурлан Шакиев Вазирлар Маҳкамаси вакиллари хатоларга қарамай, келишув лойиҳасини қабул қилишни талаб қилганидан ғазабланган. «Бу ерда ҳаммангиз саводсизсиз, саводлига ақл ўргатасиз. Қаттиқ турманг, хатоларни тузатинг», — деган у.