Ривоят қилишларича, бир одил подшоҳнинг яккаю-ёлғиз ўғли ниҳоятда эрка бўлиб ўсибди. Кунлардан бир кун шаҳзода кўнгли кемада сайр қилишни тусаб қолганини билдирибди. Ҳаво булутли бўлганлиги сабаб, бундай об-ҳавода сайрга чиқиш хавфли эканини айтган мулозимлар балога қолишибди. Эрка шаҳзода ўз билганидан қолмабди.
Бир пайт денгизда қаттиқ шамол кўтарилибди ва қирғоқдан анча илгарилаб кетган кема сувга ғарқ бўлибди. Тақдирни қарангки, шаҳзода сувда сузиб, нариги қирғоққа аранг етиб олибди ва хушини йўқотибди.
Ўзига келгач, кема бутунлай йўқ бўлгани, ҳамроҳлари эса ҳалок бўлганлигини билибди. Кеманинг тақдиридан огоҳ бўлган подшоҳ шаҳзода ва хамроҳларини топа олмагач, улар учун аза очибди.
Шундай кунларнинг бирида шу юртнинг балиқчилари шоҳнинг ўғли тирик эканлиги ҳақидаги хушхабарни етказибдилар.
Ниҳоят, подшоҳ ўғлидан шунча кун кимсасиз жойда, очликда қандай яшаганини сўрабди. Шахзода эса қирғоқда эгасиз бир кемада жон сақлагани ва ҳар куни бир пайтда сув юзида биттадан буғдой нони оқиб келгани, шу нонни еб омон қолганини айтибди. Шунда подшоҳ бу сирнинг тагига етишларини буюрибди.
Мулозимлар қирғоқда ўтин териб тирикчилик қилувчи чолдан бўлак ҳеч кимни топа олишмабди.
Воқеадан хабардор бўлган қария, ҳар куни иккита нонни белига боғлаб ўтин тергани кетишини, тушлик пайти битта нонни ўзи еб, иккинчисини балиқлар есин деб сувга ташлашини, бу иши охиратга савоб учунлигини айтибди. Шоҳ бу сўзлардан таъсирланиб, сахий чолни сийлабди.
Беминнат яхшилиги учун саройга боғбон қилиб ишга олибди.