Ўзбекистонлик дзюдочилар Европа очиқ чемпионатида 3 та медални қўлга киритди

Австриянинг Грас шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Европа очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам иштирок этиб, якунда 3 та бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

Қизларимиздан Ҳалимажон Қурбонова (-48 кг) ҳамда Шукуржон Аминова (-57 кг), шунингдек, йигитларимиздан Жаҳонгир Маматраҳимов (-90 кг) турнирда бронза медалига сазовор бўлишди.

Мусобақада иштирок этган терма жамоамизнинг бошқа вакилларидан Муҳаммадқодир Мансуров (-100 кг) ва Исломбек Равшанқулов (+100 кг) 5-ўринни банд этган бўлса, Ирисхон Қурбонбоева (-78 кг) 7-ўринни эгаллади.