Учта суғурта компанияси фаолияти тикланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Аввал хабар берилганидек, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига асосан лицензия талаблари ва шартлари бузилиши аниқланганлиги сабабли, айрим суғурта ташкилотлари лицензияларининг амал қилиш муддати тўхтатилган эди.
Лицензиясининг амал қилиш муддати тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилганлиги сабабли, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг 2022 йил 13 июндаги тегишли буйруқлари билан “Semurg sug‘urta” АЖ ҚКнинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00039-сонли, “Ishonch sug‘urta kompaniyasi” АЖ ҚКнинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00045-сонли ҳамда “Kafolat sug‘urta kompaniyasi” АЖнинг 2017 йил 11 декабрдаги SF 00222-сонли лицензиялари 2022 йил 13 июндан қайта тикланди.
Мазкур санадан бошлаб, юқорида қайд этилган суғурта ташкилотларига янги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини тузиш, шу жумладан амалдаги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини узайтириш бўйича қўйилган чекловлар бекор қилинади.