​​Тафаккур вақти: Ҳаёт моҳияти

Икки биродар тортишиб қолди. Бири — бойлиги беҳисоб давлатманд, иккинчиси билим доираси кенг донишманд эди.
— Агар ўн беш йил узлатда ўтирсанг, бор мол-давлатим сеники! — дебди тадбиркор.

Баҳс бойлаган доно йигит севган қизига: «Мени ўн беш йил кут, мен, албатта, қайтаман ва биз яна бирга бўламиз», — деб хат ёзди-да, ўзи узлатга чекинди. Одамлардан нари жойда бир йил яшади.

У кимсасиз, хилват гўшада бекорчиликдан зерика бошлади, лекин ютқазиб қўйишдан қўрқиб, сабрдан либос кийишга аҳд қилди. Давлатманд биродарининг жонига қасд қилиш истагида одам ёллаб, шароб юборди. У шаробни ичишдан бош тортди. Бу ҳодиса тез-тез такрорланаверди, лекин йигит енгилмасдан сабр қилди.

Кунлардан бир кун у ўзига ўзи савол берди: «Мен кимман? Нима учун яшаяпман? Нима учун дунёга келдим?» Бу саволларга жавоб топиш учун бойнинг уни назорат қилиш учун ёллаган хизматкорини чақириб:

— Менга китоблар олиб келинг! — деб буюрди. Хуллас, ўша кундан бошлаб у китоблардан уч саволига жавоб излади. Ўн беш йил сувдай оқиб кетди.

Бор давлатидан айрилиб қолишдан қўрққан бойнинг ичини ит тирнарди. «Мен нима қилиб қўйдим? Шунча йил йиққан-терганимдан ажраламанми энди?

Бу бойликнинг ўзи шунча бўлгани йўқ. Озмунча соғлиғимни йўқотдимми? Она сутим оғзига келиб, топган давлатимни бировга қўшқўллаб топшириб қўядиган аҳмоқ йўқ!» У туну кун шу ҳақда ўйлаб, ўйига етолмасди. Уйқусини йўқотган давлатманд, ахийри, бир қарорга келди. У ўз қўллари билан биродарини нариги дунёга равона қилмоқчи бўлди.

Бой белгиланган муддатдан бир соат аввал дўсти ўн беш йил ўзига маскан тутган ўша ғорга кириб келди. Атрофда китоблар қалашиб ётар, уларнинг устида эса ўзига аталган икки энлик хат бор эди ва унда шундай сўзлар битилганди:

«Биламан, мени ўлдиргани келдинг. Ўлимдан қўрққаним учун эмас, балки жондан азиз биродаримни бу оғир гуноҳга ботишига йўл кўймаслик ниятида ғорни тарк этдим. Азиз дўстим, сенга айтар гапим шуки, ҳаёт мазмунини фақат бойлик орттириш, деб ўйласанг, янглишасан! Аллоҳ ато этган бу неъматнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, яхши ном қолдириш, китоб ўқиб, билим эгаллаш, меҳр-оқибатни улашишга сарфлаш керак экан.

Шундагина чин бой-бадавлат, бахтли-тахтли одам бўларкансан. Ўзи тўймаганнинг сарқити ҳаром! Топган давлатинг ўзингга буюрсин! Ўн беш йил бардошимни синадим. Ўқиб, изланиб, шуни англадимки, ҳаёт ҳақидаги тушунчам жўн экан, лекин, энг асосийси, мен узлатда унинг моҳиятини англаб етдим. Шундай экан, ҳаётим энди бошланди ва бундан бошим осмонда!»