Тафаккур вақти: «Орамизда мағлуб йўқ»

Африкадаги бир қабилани ўрганиш учун борган антрополог олим қабила болаларига шундай ўйин таклиф қилди. Дарахт ёнига мева тўла саватни қўйди ва: «Орангиздан ким биринчи бўлиб дарахт ёнига етиб келса, манави бир сават мева уники бўлади!» – деди.

Олим чопишга рухсат ишорасини қилган пайт болалар бир-бирларининг қўлларини маҳкам тутиб, биргаликда югуришди. Маррага баравар етиб бориб, ютуқлари – меваларни биргаликда маза қилиб еб олишди.

Болаларнинг бундай топқирлигидан лол қолган олим улардан меваларга фақат бир киши эга чиқиши мумкин бўла туриб нима учун бундай қилишганини сўради.

Улар: «Обоното!» деб жавоб беришди. Бу сўз қабила тилида: «Мен борман, чунки биз бормиз!» деган маънони англатарди.
Болалар оқ-қорани ҳали яхши билмаса-да, ўзаро меҳр ва оқибат туйғуларини дилдан ҳис қилар, улар бир киши бахтиёр бўлиб, қолганлар бахтсиз бўлса, бу бахтиёрлик ҳеч кимга қувонч келтирмаслигини англаб етган эди.

Баъзан ўзимиз эътиборсиз қарайдиган болакайлардан ҳам кўп нарсаларни ўрганишга тўғри келади.