16 ёшли йигит каналда чўкиб кетди

Самарқандда 16 ёшли йигит каналда чўкиб кетди. Унинг жасади каналдан 8 кун деганда топилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 8 июнь куни соат тахминан 12:00 ларда Ургут тумани Рахматобод маҳалласидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёсининг чап қирғоқ каналига шу маҳаллада яшовчи 2006 йилда туғилган вояга етмаган Ф.М. ўз эҳтиётсизлиги оқибатида тушиб, чўкиб кетган.

Қидирув ишлари натижасида, 16 июнь куни соат 13:30 ларда “Бойбул” маҳалласи ҳудудидан ўтган “Жартепа” ва “Панжикент” йўналишини кесиб ўтувчи “Янги Дарғом” каналининг ўнг томон қирғоғидан Ф.М.нинг мурдаси тан жароҳатларисиз топилган.

Шундан сўнг, ўлим сабабини аниқлаш учун суд тиббиёт экспертизаси тайинланган, бироқ марҳумнинг ота-онаси ва яқин қариндошлари ҳолат юзасидан бирон бир кишига даъво ва эътирозлари йўқлигини ҳамда экспертизадан ўтказишга норози эканлигини билдирган.

Вояга етмаган Ф.М. ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида сувда чўкиб, вафот этиши ҳолатида бирор-бир шахснинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, Ургут туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.