Жиззахлик икки ўсмир қотилликка қўл уриб, мурдани дарёга ташлаб юборди

Жиззах вилояти Мирзачўл туманида 4 июль куни 36 ёшли эркакнинг жасади ва ёниб кетган «Spark» машинаси топилди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган фуқаронинг жасади 4 июль куни Мирзачўл тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан топилган. Вилоят прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси биргаликда ҳолат юзасидан тезкор қидирув ишларини олиб бориб, 17 ва 18 ёшли икки йигитни гумонланувчи сифатида қўлга олган.

Суриштирув тадбирларида 1986 йилда туғилган шахс «Spark» машинасида бир нафар йўловчи билан Тошкент–Зангиота йўналиши бўйича ҳаракатлангани аниқланган. Шундан сўнг Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи ПР-8 каналидан тахминан 35 ёшли эркакнинг жасади топилган.

Туман ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарлик профилактикаси таянч пункти инспекторининг бу ҳақдаги хабари асосида орган ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилган. Жасад Миробод туманида яшаган фуқарога тегишли экани аниқланган.

Тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Пахтакор тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган ва Арнасой тумани Чўлқувар маҳалласида яшовчи 2005 йилда туғилган йигитлар содир этгани аниқланган. Улардан далилий ашё сифатида эркаклар бош ва оёқ кийимлари, марҳумга тегишли универсал пичоқ расмийлаштириб олинган.

Суриштирувлар давомида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги автомобиллар ювиш шохобчасида бирга ишлаган йигитлар уйига кетиш мақсададида Тошкент–Жиззах йўналишли таксилари қатнайдагин бекатга келгани аниқланган. Шу пайтда улар «Спарк»ни тўхтатиб, Жиззах шаҳрига олиб бориш учун 200 минг сўм таклиф қилган.

Йўловчилар Сирдарё вилоятидан ўтаётганда SMS-хабарнома орқали ёзишиб, ҳайдовчини ўлдиришга келишиб олади. Машина тўхтаган вақтда улардан бири ҳайдовчини бўғган, шериги эса унинг қўлидан ушлаб турган. Эркакнинг жони чиққанидан сўнг уни орқа ўриндиққа ётқизиб, машинани Мирзачўл тумани ҳудудига бошқариб келишган ва каналга жасадни ташлаб юборишган.

Шундан сўнг гумонланувчилар туман деҳқон бозорига кириб, машина рақамини алмаштириш учун Пахтакор тумани томон ҳаракатланган. Бироқ улар бу ишни қилолмаслигини билиб, машинани ёқиб юборишган. Давлат рақами белгиларини эса кўмиб қўйишган. Мазкур қотиллик юзасидан прокуратура томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан иш қўзғатилган.