Афғонистонда юз берган ёмғир ва тошқинлар оқибатида 70 киши ҳалок бўлди

Афғонистонда юз берган сўнгги ёмғир ва тошқинлар оқибатида 70 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Shafaqna» хабар берди.

Маълум қилинишича, табиий офат оқибатида 90 киши жароҳатланган. «Толибон» расмийси Ғулом Носирий бу маълумотни тасдиқлаган. У содир бўлган сув тошқинлари катта молиявий йўқотишларга сабаб бўлганини айтган. Жумладан, икки мингдан ортиқ турар-жой ҳам шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган. Бундан ташқари, икки минг бош қорамол ҳам нобуд бўлган ва минглаб гектар қишлоқ хўжалиги экинлари вайрон бўлган.

Иқлим бўйича мутахассисларнинг айтишича, ҳозирги ёғингарчилик ноодатий ва одамлар бунга тўлиқ тайёр бўлиши керак. Афғонистонда кучли ёмғир бир неча кун давом этган. Мамлакат метеорология департаменти Бадахшон, Кунар, Нуристон, Лағмон, Нангарҳор, Кобул, Логар, Пактия, Хост, Пактика, Ғазни, Қандаҳор ва Зобул вилоятларида кучли ёмғир ва сув тошқини эҳтимоли ҳақида хабар берган. Ҳозирда барча вилоятларга ёрдам юборилган ва жабрланганларга ёрдам тарқатиш жараёни давом этмоқда.