Ҳиндистон жануби-ғарбидаги Керала штатида африка чўчқа ўлати тарқала бошлади. Бу ҳақда «Times of India» хабар берди.
Маълумотларга кўра, вирус штат туманларидаги иккита фермер хўжалигида аниқланган. Ушбу фермалардан бирида қисқа вақт ичида кўп сонли чўчқалар нобуд бўлган. Шундан сўнг биоматериаллар намуналари ҳайвонлар касалликларига ихтисослашган Бҳопал миллий институтига (NIHSAD) тадқиқот учун юборилган.
Касаллик тасдқиланганидан кейин маҳаллий ҳокимият 300 та чўчқани сўйишни буюрган.
Африка чўчқа ўлати (иситмаси деб ҳам юритилади) чўчқаларнинг энг хавфли юқумли вирусли касаллиги ҳисобланади. У одамлар учун хавф туғдирмайди, лекин қишлоқ хўжалиги саноатига жиддий зарар етказади, чунки уни ҳайвонлар орасида даволаш ва эмлаш мумкин эмас. Касаллик тарқалишини тўхтатишнинг ягона йўли — қатъий карантин чоралари ҳисобланади.
Дилбар Ражабова тайёрлади