Швейцария ҳукумати қиш учун шам ва ўтин захирасини тўплашни сўради

Швейцариянинг ElCom электр энергияси бўйича федерал комиссияси раҳбари Вернер Лугинбюл келаси қишда электр таъминотида узилишлар бўлиши мумкинлиги сабабли аҳолини ўтин ва шамлар захирасини йиғишга чақирди. Бу ҳақда Neue Zürcher Zeitung ёзмоқда.

“Энг ёмон сценарий, биз ҳақиқатан ҳам бир неча соатга бўлса ҳам, баъзи ҳудудларда электр таъминотидаги узилишлар учун келаётган қишга тайёргарлик кўришимиз керак. Шунинг учун, албатта, уйда шамлар етарли бўлиши оқилона қарор. Агар кимдир ўтин ёқадиган печкага эга бўлса, етарлича ўтин захиралаши керак”, — дея таъкидлаган Лугинбюл.

Унинг сўзларига кўра, Европада газ ва электр тақчиллиги юзага келиши мумкинлиги сабабли ўзи ҳам одатдагидан кўпроқ ўтин жамғарган ҳамда чироқ ва аккумуляторлар сотиб олган.

Комиссия раҳбарининг сўзларига кўра, турли хавф-хатарлар уйғунлиги мамлакат расмийларини Швейцарияда илгари ҳеч қачон кўрилмаган чораларни кўришга мажбур қилиши мумкин.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, айни пайтда маблағни тежаш мақсадида бир қатор йирик электр истеъмолчи корхоналарида ишлаб чиқаришни тўхтатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.