Қашқадарёда ҳоким ўринбосари одам ўлдириб қўйди

Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари хизмат автомобилида фуқарони уриб юборгани ва унинг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, ЙТҲ 30 июль куни соат тахминан 23:50 ларда халқаро аҳамиятдаги А-380 автомобиль йўлининг 12 километрида юз берган. Қарши тумани “Тахтапуль” МФЙ ҳудудида ҳайдовчи Б.Э. бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомашина билан йўлни ўнг томондан чап тамонига қараб пиёдалар ўтиши учун мўлжалланмаган жойидан кесиб ўтаётган фуқаро Й.А.ни уриб юборган.

Оқибатда пиёда Й.А. тан жароҳати олиб шифохонада вафот этган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.