Тафаккур вақти: Қидирилган гавҳар

Қадим Арабистонда илму ҳикматда беназир Шан деган бир ҳаким «ўзимга ўхшаган бирор билимдон қиз топилмагунича уйланмайман», деб аҳд қилган экан.

Қайлиқ ахтариб мамлакатни кезиб чиқса ҳамки, ўзига муносиб ёр топа олмабди. Шу ниятда сарсон-саргардон юрган кезлари бир одам унга йўлда ҳамроҳ бўлибди. Шан ундан:
– Сиз мени кўтарасизми ё мен сизни кўтарайинми? – деб сўрабди.
– Ажаб бетамиз одам экансиз, – дебди ҳамроҳи аччиқланиб, – ўзим салламни зўрға кўтариб юрибману, сизни қанақасига кўтараман?

Шан индамабди. Бир оз йўл юрганларидан кейин барқ уриб яшнаб турган бир буғдойзорга етибдилар. Шан экинзорга қараб:
– Бу буғдойзорнинг донини еб бўлишдимикан? – деб ҳамроҳига қарабди.
– Жиннига ўхшайсиз-а! Буғдойи пишмаган, ўриб олинмай туриб қанақасига еб бўлади!
Шан яна индамабди. Яна бир оз юришгандан сўнг тобут кўтариб кетаётганларга йўлиқишибди.
– Бу одам ўлдимикан ё ҳали ҳам тирикмикан? – деб Шан ҳамроҳидан сўрабди.
Ҳамроҳининг баттар жаҳли чиқибди:
– Умрим бино бўлиб сизга ўхшаган аҳмоқни энди кўришим. Қабристонга кўтариб олиб кетилаётган ўликни тирикми ё ўликми, деб сўрашингиз ақлли одамнинг гапи эмас. Илтимос, энди гапирмай жим кетинг.

Гапирсангиз кўнглим озиб кетяпти.
Шундай қилиб индамай юраверишибди. Манзилга етишгач, ҳалиги одам «мусофирни меҳмон қилиб ҳам савоб олай, ҳам бояги қўполлигимни кўнглидан чиқарай», деб уйига таклиф қилибди. У одамнинг ҳусну малоҳатда, ақлу фаросатда тенгсиз қизи бор экан. У отасидан «Ҳамроҳингиз ким экан, йўлда нималарни гаплашиб келдингиз?» деб сўрабди.

– Эй қизим, бу сафар қип-қизил аҳмоққа рўпара келиб қолдим, – ота шундай деб бўлиб ўтган гапларни сўзлаб берибди.
– Унинг кўнглини оғритиб чакки қилибсиз, – дебди қиз. – Сизга айтган сўзлари унинг жуда катта ҳаким ва зўр билимдон эканидан далолат беряпти. Биринчи саволининг маъноси шу: «Йўлнинг заҳматини камайтириш учун сиз бирон нарса сўзлаб берасизми ё мен айтиб берайми?» «Бу ернинг ғалласини еб бўлишдимикин?» деб «Бу ғаллани эккан одам бирор судхўрдан қарздор бўлиши, унинг қистовидан тезроқ қутилиш мақсадида, буғдойни ўриши биланоқ тўғри бозорга бориб сотиши мумкин», деган маънони назарда тутган. Мулоҳаза қилиб кўрилса, бу ҳол экин пишишидан олдинроқ еб кетилгандай бўлади. Тобутдаги мурдани ўликми ё тирикми, деб сўраганининг маъноси шу: «Бу одам ўлганидан кейин ёдгорлик сифатида бирор фарзанд ёки шогирд қолдирдимикан, эслашга арзигулик бирор хайрли иш қилдимикин ёҳуд жоҳил ва фосиқлигидан, ўлиши биланоқ ҳамманинг эсидан чиқиб кетдимикин?» Сиз дарҳол унинг ҳузурига чиқиб, узр сўранг, айтган сўзларини шарҳлаб беринг. Акс ҳолда у сизни аҳмоқ ва жоҳил деган қарорга келиши мумкин.

Шунда ота чиқиб қизининг айтганларини билдирибди. Шан унинг шарҳини тинглаб бўлгач сўрабди: «Бу шарҳ сизнинг табиатингизга мутлақо хилоф. Яхшиси бу сўзларни ким ўргатганини айтинг».

Қизнинг отаси ҳақиқатни айтишга мажбур бўлгач, Шан шунча йиллардан бери қидириб юрган гавҳаримни энди топдим, деб суюниб кетибди. Отасининг розилиги билан қизни никоҳлаб олиб, муродига етибди.