Ижтимоий тармоқда ҳожатхона қидириб, сарсон бўлган турк сайёҳи видеоси айланмоқда. Сайёҳи шунингдек 1 литр оддий сувни унга деярли 1 доллар( 10 000 сўмга сотилган, асл баҳоси 3000 сўм) га сотишганидан хафа бўлган.
“Бу шунчаки уятли ҳолат. Президент кеча Самарқандда туристлар оқимини 9 млнга етказиш режаси ҳақида айтиб ўтди. Мақсадлар баландпарвоз, лекин ижро яхши эмас. Бирор ҳудуд марказида бепул ҳожатхоналар йўқ. Борлари ҳам талабга жавоб бермайди. Четга чиқмаган ўзбек учун бу нормаль ҳолат — пуллик бўлиши. Лекин ким четга чиққан бўлса, ҳожатхоналар озода ва покиза эканлиги, 24 соат очиқлиги, бепуллигини кўради. Туристлар учун энг аввало шароитларни яхшилаш керак ўртоқлар. Видеодаги ҳолат шунчаки уят”, деб ёзади таниқли блогер Олимжон Ҳайдаров.
Тармоқда шундан сўнг муҳокамалар авж олди, кимдир тарихий обидаларга кириш нархи қимматлигини айтса яна кимдир миллий либосларимиз, тақинчоқлар ва турли аксессуарлар сайёҳларга икки-уч баробар қимматига сотилаётгани ҳақида фикр қолдирган. Бироқ бу каби фикрлар кўлами кенгайган сари орага ҳар бир давлатда туристлар учун ноқулайликлар ва алдов борлиги ҳақида гап-сўзлар ҳам ёзила бошлади.
“Истамбуллик турист сувни 10 мингга сотишганидан ҳафа бўлиб видео қилибди. Бу ҳолатни албатта оқламайман. Бухорода бир куни оддий 50 минг сўмлик миллий қўғирчоқни ўзимга турист деб 15$ га сотмоқчи бўлишган. Чунки шарфларни бошимга ташлаб, ҳиндча, покистонча акцентда инглизча гапириб уларни гапиртирдим роса. Савдолашдим. Кейин кулиб «уятей «десам «ээй опа ўзбек экансизку » дейди. Қанча қиберасиз? десам охири 50 минг. Туристларга 15 $ сотамиз дейди. Бу уятли ҳолат. Лекин, фақат Ўзбекистонда эмас кўп давлатларда бундай ҳолатни кузатиш мумкин.
Масалан, Истамбулнинг туристик ҳудуди Тақсимда озиқ -овқатларни икки эмас, уч баробарга қимматга оласиз. Турклар ўзлари алиш- вериш япадиган катта савдо мажмуасидаги фуд-кортда «Искандар кабоб» 25 лира эди. Тақсимдаги кафеларда эса 75дан 100 лирагача. Мазасиям унақа зўр эмас. Таксиларнику айтмаса бўлади. Битта воқеа эсимдан чиқмайди. Икта болам бн Истамбулга қўндим. Кечқурун соат 9 лар эди. Такси меҳмонхонагача 130-150 тл бўлади деди. Йўл унча узоқ эмаслигини картадан кўрганман. Майли деб савдолашмасдан миндим. Боргандан кейин эса 200 тл берасан деб туриб олди. Ўзи аэропортдан 15 минутдик йўл ҳақиқий нархи 80 тл лик йўл. Таксометрни кўрсат десам гапни айлантиради. Йўлда трафик ҳам йўқ эди. Хуллас сен 150 дегансан , десам, -йўқ мен ужратли йўлдан ҳайдадим, филан филан -деб туриб олди. Мен сенга ужратли йўлдан ҳайда демадим, шошаётганим йўқ эди. Нега алдайсан бермайман десам, «берасан» деб туриб олди. Болаларим қараб турибди. Уларнинг биринчи чет элга чиқиши стресс бўлмасин деб «ма» деб 200 тл бердим. Меҳмонхонага кираётсак » Абла ҳаққингни халал эт» деди. Бу гапни турклар кўп қўллашади «рози бўлинг» дегандек. Бирор хизмат бажаргач, эвазига пул олса шу жумлани айтишини кинолардан кўп кўрганман. Адресат » Халал ўлсун» деб жавоб берарди.» Ҳаққинг ҳалал ўлмади аби» дедим бирдан. Югуриб келиб уч тўрт марта » халал эт » деб сўради йўқ ўлмади, «сен алдатижи сан» дедим. Ол абла! Деб 50 тл қайтим берди. Инсофи йўқ бўлса ҳам, иймони бор экан Машаллаҳ! Меҳмонхонага кирсам, ўзбек, Бухоролик йигит ресепшн ҳодими бизни кутиб олди. Воқеани эшитиб, булар туристни роса алдайди 80 тл лик йўл. Кетишизда такси чақириб берамиз 70-80тлга олиб боради аэропортга деди. Шундай экан, сайёҳларни алдаш ҳамма давлатда бор! Ҳожатхоналар эса жуда оғриқли мавзу! Уларни кўпайтириш керак! Бухоро туризм департаменти расмий муносабатда ўша ҳудудда ҳожатхоналар етарлилигини кўрсатиб берибди” дея Гулноза Одилова сайёҳнинг фикрларига жавоб тариқасида ёзиб қолдирган.