«Толибон» Покистонни Афғонистон чегараларини кесиб ўтишига рухсат берганликда айблади

«Толибон» Покистонни АҚШ дронларининг Афғонистон чегараларини кесиб ўтишига рухсат берганликда айблади. Бу ҳақда «Al Jazeera» хабар берди.

Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Кобулдаги матбуот анжуманида Покистонни ўз ҳудудидан Афғонистонга қарши фойдаланмасликка чақирган. Мазкур айблов АҚШ «Ал-қоида» етакчиси ал-Завоҳирийни Кобулда дронлар ёрдамида ўлдиргани сабабли эълон қилинган.

Ўз навбатида, Покистон АҚШ дронлари унинг ҳудуди орқали ўтаётганини рад этган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Асим Ифтихор ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлаган. У дипломатик жавобгарлик тамойилларини бузиш Исломободни чуқур безовта қилаётганини қайд этган.

«Покистон барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади, ҳар қандай шаклдаги терроризмни қоралади ва ‘Толибон’ни ўз мажбуриятларини бажаришга, жумладан, террорчиларга хавфсиз бошпана бермасликка чақирди», дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги аксилтеррор операцияси натижасида «Ал-қоида» етакчиси Айман ал-Завоҳирий йўқ қилинганини маълум қилган. Байденга кўра, ал-Завоҳирий 30 июль, шанба куни Кобулда дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.

АҚШда террорчилик ташкилоти етакчисининг хавфсиз уйга жойлашганини тасдиқловчи манбалар бўлган. «Ал-қоида» раҳбари уйининг балконида, оила аъзолари бошқа хоналарда бўлганида йўқ қилинган.

Мазкур ҳужумни «Толибон» кескин қоралаб, Доҳа келишувига зид эканини билдирган. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса «Толибон» Айман аз-Завоҳирийга бошпана бериб, Доҳа келишувини қўпол равишда бузганини айтган. Аз-Завоҳирийга ҳужумни «Толибон»нинг ўзбек етакчиси ҳам қоралаган.