Бразилиялик дунё билан алоқасини узган қабиланинг сўнгги аъзоси оламдан ўтди

Бразилияда сўнги ҳаётининг 26 йилини ёлғиз яшаган, умри давомида ташқи дунё билан бутунлай алоқасини узган, исми номаълум бир қабиланинг аъзоси ҳаётдан кўз юмди.

“Чуқур одами” номи билан машҳур бўлган маҳаллий қабила аъзоси, ов қилиш ҳамда ўрмон ичида яшириниш учун чуқурлар қазир эди. Маҳаллий қабила аъзоси бўлган эркакнинг жасади сомондан қилинган кулбаси яқинидан 23 августь куни топилган.

Тахминан 60 ёшда бўлган эркакнинг ўлими сабаби табиий ўлим деб тахмин қилинмоқда, баданида жароҳат излари йўқ.
“Чуқур одами” Бразилиянинг Боливия чегараси ҳудудига қарашли Рондония вилоятидаги Танаруда яшаган маҳаллий қабиланинг охирги вакили эди.

Қабиланинг катта қисми 1970 йилда ўз ҳудудларини кенгайтириш мақсадидаги фермерлар томонидан ўлдирилганлиги тахмин қилинади. 1995 йилда қабиланинг 6 та аъзоси ноқонуний кончилар ҳужуми натижасида ўлдирилганди. Ўша воқеадан кейин “Чуқур одами” қабиланинг ягона аъзоси сифатида яшай бошлаганди.

“Чуқур одами” нинг жасадини Хосе Алгаер исмли киши топган. Унинг айтишича, жасаднинг усти хас чўплар билан ёпилган эди. Маълум бўлишича, ўлимини олдиндан сезган “Чуқур одами” тайёргарлик кўрган.
Маҳаллий қабила мутахасиси Марсело дос Сантос, маҳаллий ахборот воситаларига берган интервюсида жасаднинг бирор касалликдан вафот этгани ёки бошқа бир сабаби экспертиза орқали аниқланади.

“Чуқур одами” ҳақида бир қанча изланишлар, мақола ва тадқиқотлар олиб борилган, ҳатто мухбир Монтер Реел томонидан “Қабиланинг сўнги вакили: Амазондаги ёлғиз одамни асрашнинг афсонавий саргузашти” номли китоб ҳам ёзилган. Шунга қарамай бу одам ҳақида жуда кам маълумот бор эди. “Чуқур одами” алоқа ўрнатилмаган кишилар қаторида эди. Ҳаёти давомида ҳечким билан гаплашмагани тахмин қилинади. Қабиласининг номи ва қайси тилда сўзлаши ҳам номаълум эди.