Нақд пул тақчиллиги ёҳуд банкларда турнақатор навбатлар


Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 15 июлидан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот шаклидаги пул муомалага чиқарилди. Бундан кўзланган мақсад нима эди?

“Банкнотларнинг яхши ҳимояланган сериясини чиқаришни бошладик, ҳозир 100 мингтагача чиқардик. Нақд пул муомаласини ташкил қилишда маълум бир ўзининг қонуниятлари бор, бу қонуниятлар мамлакатда шаклланган ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб, банкларнинг банкнот структураси белгиланади. Бу билан биз муомаладаги нақд пулни оптималлаштириш жараёнини амалга оширмоқдамиз.

Мақсадимиз – банкнотлар структурасини ўзгартириб бориб, нақд пулни одамлар учун қулай тўлов воситасига айлантириш. Шу сабабли бу ишимиз кейинчалик ҳам давом этади. 2024 йилда 200 минг сўмликни муомалага чиқаришни режа қиляпмиз”, – дея таъкидлаганди Марказий Банк раисиМамаризо Нурмуродов.

Банкноталар муомалага чиқарилди. Банклардан бориб олиш имконияти яратилди, бироқ ҳали кўзланган мақсадга етилмади. Нақд пул муаммоси ҳамон ечилгани йўқ.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари сўнгги ойларда нақд пулга талабнинг ошишига сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қиларкан, 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, муомаладаги нақд пулларнинг ҳажми 36,9 триллион сўмга етиб, 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатидагига (13,2 трлн. сўм) нисбатан 2,8 баробар ошгани ҳақида маълумот тақдим этганди. Шундай бўлса-да, нақд пулларнинг кенг маънодаги пул массасидаги улуши камайиб бораётгани, ушбу кўрсаткич 2017 йилнинг 1 июнида 31,2% ни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 июнига келиб 23% гача камайгани таъкидланганди.

Уларнинг айтари айтилди, қилари қилинди. Тепадан бўлган топшириқлар бажарилди. Қарийб бир ойдирки банкларда нақд пул муаммоси билан бир қаторда, АҚШ доллари етишмаслиги ҳам келиб чиққани қандай тушуниш мумкин? Чет элдан жўнатилаётган пул ўтказмаларини олишда аҳоли қийналмоқда, баъзи ҳолларда мажбуран сўм олишни тавсия қилишяпти ёки ўша сўмнинг ўзи йўқ.

“Бир ҳафтадан бери банкка қатнайман. Бир вақтнинг ўзида учталаб банкнинг навбатга ёзиламан. Банкларни компютери қотяпти экан. Битта ойна ишлаяпти. 200 киши навбатга туради, бундан 20 кишига тушгача пул тарқатиб улгуради. Шу билан банкда пул тугайди. Баъзида бир кун олдин навбатга ёзилганларгагина хизмат кўрсатилади. Кимдир боласини контрактини ёки бошқа тўловларни амалга оширгани келса пул бўлади деб айтади банк ходимлари. Ҳатто ўша пулни кутиб ўтирганлар бор. Доллар етмай қолганидан сўнг истасангиз сўмда олинг дейишади, кўпчилик оламан деган пуллар бир кишига тегишли эмас, бировни пулини сўмда олиб борса ҳам бир гап эшитиши мумкин. Банкомат олдида бир киши айтиб қолди. Четдан ўғли юборган пулни тезроқ оламан деб пластикка сўмга ўтказиб олибди. Сўмга ўтказганида қанчадир фоиз олганмиш. Уни UZCARD банкоматдан оламан деса пул йўқ, қаердадир HUMO банкоматда пул бор деб айтишган. Бошқа пластикка ўтказибди. У келгунича банкоматда пул тугаб қолибди. “Сарсон бўлдим, анча пулим картадан картага пул ўтказиш фоизларига кетди” деб айтди. Вилоят марказига боришни ҳам ўйлаб кўрдик. Сўраштирсак вилоят марказидаги банкда ҳам бир жойда доллар бор у ҳам кам экан. Хуллас кўпчилик мана шундай қийналиб қоляпти”, дейди мурожаатчилардан бири.

Туман марказларидаги кўп банкоматлар бўш, баъзилари ишламайди. Ишлаб турганлари олдида катта навбат. Халқ кимдур икки марта картасидан каттароқ миқдорда пул ечиб олса жанжал кўтаради. Бизга ҳам пул етсин дейди. Суровнома шаклида берган саволимизга қарийб республиканинг барча ҳудудларида, шу билан бирга Тошкент шаҳрида ҳам банкоматлар билан боғлиқ муаммолар борлиги айтиб ўтилди. Мутасаддилар эса ҳамон жим.

Доллар масаласига келадиган бўлсак, банкларда жуда кам АҚШ доллари айланяпти. Қара бозорга барҳам берилгани айтилган бўлсада ҳамон кунда кунора “валютчик”лар қўлга тушиб турибди. Тизим ҳамон ўз изига тушмаган…

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда банкоматлар орқали истеъмолчиларга банк хизматларини кўрсатиш ҳолати юзасидан ўрганиш ва таҳлиллар ўтказгани ҳақида хабар чиқди. Қайд этилишича, республиканинг 127  та ҳудудида тижорат банклари томонидан жойлаштирилган 1003 та банкомат бўйича ўтказилган кузатувларда уларнинг 103 тасида банк номи, ишонч телефон рақами ва тўлов тизими ҳақидаги маълумот йўқлиги аниқланган. Шунингдек, 2 та ҳолатда 24/7 туну кун ишловчи шохобчаси ёпиқлиги, 52 та банкомат носоз ҳолатда ва ишламаётгани, 107 та банкоматда нақд пул йўқлиги қайд этилган. 

Ушбу маълумотлар расмий, бироқ ҳақиқатни бошқача ўргансангиз рақам катта. Кўп сонли банкоматлар ишламайди ёки камдан кам ҳолларда пул жойланади. Нақд пул муаммоси доимгидек долзарб. Пластик карталар билан савдо қилиш имконияти ҳамма жойда ҳам йўлга қўйилмаган, пластикни кўрсатсангиз бозорларда сотувчиларнинг кўпчилигининг қовоғидан қор ёғади.

Мисол учун Абу сахий, Бек барака, Отчопар бозорларидаги ҳеч бир дўконда терминал йўқ ёки борларини ҳам харидор кўзидан панага олиб қўйишган. “Терминал борми?” деган саволга “клик” бор деб жавоб беришади. Мана шу “клик”, яъни тўлов ўрнига пластик картага ўтказиб бериш энг катта “черный экономика”га айланиб улгурди. Сабаб – солиқ юкининг баландлиги, бу энди алоҳида мавзу.

Аслида муомалада нақд пул етарли. Лекин ўша “нақд”нинг қанчаси ҳисобда, қанчаси ҳисобдан ташқарида айланяпти? Мана шу саволга жавоб бериш, сабабларини холисона айтишга Марказий банк ҳам, Солиқ қўмитаси ҳам негадир шошилимаяпти…

Тизим касал, тизим тўғри ишламаяпти. Банкларда доллар йўқ, “АКАЛАР” босиб қўйган доллар ҳали бери муомалага чиқарилмайди. Мутасаддилар эса ҳар доимгидек оғзига мум солиб олган…