Келиб чиқиши қадим тарихга бориб тақаладиган ҳайвонлар

Динозаврлар қолдиқлари топилган кундан бери одамлар қадимий жонзотларга катта қизиқиш билан қарашади. Уларда ҳаёт тарзи қандай кечганлигини билишни исташади. Аслида бугунги кунда динозаврларнинг ёши билан тенгдош ҳайвонлар, уларнинг қадим аждодларидан келиб чиққан ҳайвонлар мавжуд. Ушбу ҳайвонларнинг айримлари ташқи кўринишини умуман ўзгартирмаган бўлиб, баъзилари эса бутунлай бошқача кўриниш олгандир.

Тимсоҳ

Кўринишидан қўрқинчли бўлган тимсоҳлар 250 миллион йил аввал яшаган ва “Аркозор” деб номланувчи динозаврлар оиласига мансубдир. Биринчи тимсоҳ 95 миллион йил олдин, Кретаса даврида пайдо бўлган. Ҳозирги кундаги мавжуд тимсоҳлар эса қадимги Деиносучус оиласига мансуб. Улар қуруқликка яқин  сувларда яшовчи, тумшуқлари узун, кучли думлари бор ҳамда тишлари кўп йиртқич ҳисобланади.

Туяқуш (кассоварий)

Ушбу туяқушнинг оёқ панжалари динозаврларнинг бир турига ўхшашлигини илк боқишдаёқ пайқаш қийин эмас. Дунёда улкан қушларнинг учинчи ўрнини эгаллаган туяқушнинг бу тури Австралиянинг шимолида, Индонезия ҳудудларида яшайди. Бу туяқуш наслини динозаврлар оиласи билан боғлаб турувчи яна бир хусусият унинг бошидаги тожидир. Айрим мутахасислар, тукка ўхшаш узунроқ ва қаттиқ терисимон ушбу тож ҳид билишда хизмат қилишини айтишса, бошқа гуруҳ мутахасислар эса туяқушларга бу тожлар инсон қулоғи эшитмайдиган овозларни ҳам эшитиш қобилиятини туҳфа этади деб ишонишади. Мовий бошли бу туяқушлар жуда яхши сузишади, уларнинг тухумлари яшил рангда бўлади.

Денгиз тошбақаси

Денгиз тошбақаси жуда чаққон жонзот бўлиб, улар Антарктидадан ташқари дунёнинг барча қитъаларида яшашади. Динозаврлар билан қариндошлиги бўлган денгиз тошбақалари 230 миллион йил аввал пайдо бўлган ҳамда ушбу жонзотлар динозаврларни қириб ташлаган даврдан эсон-омон ўтиб олдилар. Денгиз тошбақаларининг динозаврлар оиласига мансуб ёки йўқлиги ҳақидаги баҳслар ҳалигача давом этмоқда. Уларнинг динозаврлар оиласига эмас, балки илонлар ва калтакесаклар оиласига яқинроқ эканлиги ҳақидаги фикрлар ҳам илгари сурилмоқда.

Товуқ

Динозаврлар ва қушлар орасида боғлиқлик борлиги эндиликда ҳаммага маълум. Яқинда ҳайратланарли яна бир кашфиёт эълон қилинди. Олимлар, ҳозирги кундаги товуқлар билан айрим молекуляр тажрибалар ўтказиб кўришди. 2003 йилда палеонтологлар Жак Ҳорнер ва Марий Шевитзерлар товуқ суягининг ичидан топган протеин коллаген молекулаларини турли ҳайвонлар билан аралаштирдилар ва энг кўп ўхшашликни товуқларда, туяқушлар ва тимсоҳларда кўрдилар.

Илон

Илонлар ҳам узоқ йиллар давомида айрим аъзоларини йўқотган ҳайвонлар сирасига киради. Жумладан, оёқларини, бош қисмидаги баъзи суякларини йўқотган илонлар бутунлай силлиқ шаклга киришди. Эндиликда ер юзида яшаётган илонларнинг танаси шундай ингичкалашганки, жигарлари ёнма-ён эмас, балки олд-орқа ҳолатда жойлашган.