“Нон — худо, пул пайғамбар”ми? Ёхуд ўзимизнинг кўзимизни ўяётган ўзимизникилар

Сўнгги ҳафталарда Россия фуқароларининг яқин атрофдаги мамлакатга кўчиб ўтиш ҳолатлари икки баробарга ошганидан хабарингиз бор. Статистикага кўра, россияликлар энг кўп Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбайжонга кўчиб ўтмоқда. Арманистон ва Грузияда Россия фуқароларининг кўчиб келиш кўрсаткичи уч баробарга ошган. Эскпертларнинг қайд этишича, Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиниши натижасида мамлакат фуқароларининг кўчиб кетиши юқоридаги давлатларда уй-жойлар ижара ҳақининг ошишига олиб келмоқда. Нисбатан арзон бўлган Тошкент марказидан бир хонали квартирани ижраси ҳам ойига 300-700 долларни ташкил этмоқда. Пойтахтнинг чекка туманларида ижара ҳақи 200 доллардан бошланади. Қисқа қилиб айтганда, ижара уйлар нархлари “Тошкент телеминораси” бўйига етган!

Осмонўпар нархлар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Тош шаҳарнинг бағрида яшаётган ҳар бир киши ижарага уй қидириш, фалон пул тўлаб ҳам уй эгасининг турли инжиқликларига чидаши, кези келганда уйдан ҳайдалиш каби қийинчиликлар таъмини яхши билади. Бир томонда рўзғор, бир томонда ижара, баъзан тарози палласини мутаносиб ушлаб бўлмай қолади. Чунки бугунги кунда аҳоли даромадининг ярмидан ҳам кўпроғи ижара уйлар учун кетмоқда.

Бу борада норасмий тарзда умумқабул қилинган кўрсаткич бор – агар инсон ўз даромадининг 30 фоизини ижара учун сарфласа, ўзини иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳисоблаши ва оиласи буджетини ривожлантириш имкониятига эга бўлиши мумкин. Агар ижара ойлик даромаднинг 40 фоизидан ошса, оғирлик қила бошлаши, 50 фоиз ва ундан юқори кўрсаткичларга чиқиши инсонни мураккаб вазиятга тушириши ҳисоблаб чиқилган. Масалан, юқори ривожланган давлат бўлган Германияда ҳақиқатдан ҳам шу даражага эришилган – аҳоли ўз даромадининг 25-35 фоизини ижара учун сарфлайди. Аммо бундай иқтисодий ютуққа ҳамма ҳам, ҳатто юксак ривожланган давлатлар ҳам эришавермайди, жумладан Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ҳам бундай эмас.
Айтайлик, ёш оила бошлиғи ўқитувчи,, аёли ҳамшира, бир нафар ёш болалари бор. Эр тахминан 2,5 млн сўм, аёли эса 1,5 млн сўм маош олишади. Агар улар энг камхарж шароитда яшасалар ҳам оила бошлиғи даромадининг тахминан 80 фоизи ижарага сарфланиши зарурлиги аён бўлади. Қолган қисми қора қозонни тебратишга бир етса, бир етмай қолади.

Мана шундай ёш оилалардан бири шундай дейди:
“Ёш оиламиз, яхши ҳаёт илинжида қишлоқдан шаҳарга келгандик. Мана бир ярим йилдирки, эр-хотин топганимизни ижара, коммунал тўловлар, кундалик чиқимлардан ортиштира олганимиз йўқ. Коммунал тўловлар ҳам аксарият ижарачиларнинг ўз бўйнида, майда кўрингани билан шулар ҳам кўп пулга айланиб кетади. Нарх-навонинг кунда-кунора ошишини кўриб, юрагим орқага тортиб кетади. Шу пайтгача бир хонали уйда 200 долларга ижарада турардик, яқинда яна 50 долларга ошди.Баъзида иш жойимдан бўшаб, хорижга ишлагани кетсаммикан деб ўйлаб қоламан, ўшанда балки бироз орттириб, уй-машина оларман деб ўйлаб қоламан. Лекин болаларим тақдри, уларнинг ёнида бўлмаслик мени қаттиқ ташвишга солади. Лекин Тошкент шаҳрида ижарада яшаган одам болаларининг келажаги учун уларга алоҳида пул ажратиши ҳам қийин масала бўлиб қоляпти. Кредитга уй олишни режалаштиргандик бошида, бошланғич тўлов муаммо бўляпти. Биз каби ижарама-ижара сарсон бўлган нечалаб ёш оилаларни биламан.Руслар келишни бошлагач, нархларни оширибҳ юборганлар, ёки эски ижарачиларни чиқариб, ўрнига хорижликларни ижарага қўяётган уй эгаларини ҳам кўрдим.Нархларни кундан-кунга оширишади, лекин қанча даромад қилишинг, қандай яшашинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Хуллас, топганимиз яшаб қолишдан бошқасига етмаяпти…”

Айни мавзу ҳақида сўровномалар ўтказганимизда, нафақат ёш оилалар муаммоси, балки 15-20 йилдан бери ижарада яшаётган тақдирларга дуч келамиз. Асли бухоролик бўлган Муяссар опа ҳозир 53ёшда, турмушга чиққач, Тошкентга кўчиб келишга қарор қилишган:
“Турмуш ўртоғим банкда ҳисобчи бўлиб ишларди, мен эса уйда тикувчилик қилардим. Уч нафар фарзандимиз бор.Топганимиз рўзғордан отмагач, хўжайиним давлат ишини ташлаб, бозорда савдогарликка тушиб кетти. Мана йигирма йилдирки, ижарама-ижара сарсон яшаймиз. Орада кредитга уй оламиз деб бошланғич тўловга маблағ йиғаётганимизда,икки марта юрагимни операция қилдирдим. Сўнг учала фарзандларимизни ўқитдик, қизимни узатдим, Катта ўғлим уйлангач, у ҳам алоҳида ижара уйга чиқиб кетти. Кичик ўғлим эса талаба, ҳозир уни ўқитяпмиз. Ёшлигимда жаҳон адабиётларида бутун умр ижарада яшаб, ижара уйида жон бераётганлар ҳақида ўқисам, ажабланар эдим, наҳотки инсон бошпанасиз ўтиши мумкин бўлса деб. Ҳозир эса ҳайрон қолмай қўйганман”.

Ижарама-ижара сарсон бўлиш, талабаларга жой йўқ деган ёзувлардан зада бўлган аксарият ёшлар бугун амаллаб топган бошпанасининг ҳаққини тўлаш учун дарсларга бормай бўлса ҳам ишлашга мажбур.
“ Исмим Жасур, иккинчи курс талабасиман, контрактда ўқийман. Универсаитетимиз ётоқхонасидан жой ола олмаганман.Кейин квартирада яшашга мажбур бўлдим. Ишонсангиз, икки йил ичида 11 марта кўчганмиз, чув тушгириб кетганларнинг эса сон-саноғи йўқ. Қишлоқда оддий оиланинг фарзандиман, ота-онам контрактимни амаллаб тўлашади, Йигит киши бўла туриб, еб-ичишимга ҳам уйдан пул олишим уят. Кундан-кунга ошаётган ижара нархларини тўлаш, кун кўришим учун дарсдан сўнг официантлик қиламан. Ишим кеч тугайди, чарчоқлар сабаб дарсларга эътибор бера олмай қоламан. Беш кичи каталакдай хона учун ойига 700 мингдан тўлаймиз, лекин деярлли ҳаммамиз уйга фақат ухлаш учун келамиз, кўчада ухлаб қўя қолсам бўлмасмикан деб ўйлаб ҳам қоламан баъзида”.

Мавзуга якун ясар эканмиз, эндигина оила қурган, бунинг устига талаба бўлган йигитнинг сўзларини ҳам келтириб ўтишни хоҳладик:
“Баъзан ўқиб қоламан: “18-20 йилдан буён уй ололмайман”. Буларни кўриб, табиийки, кишини ўй, ғам босади. Тошконда қилмоқчи бўлган карераларингни яна бир таҳлил қилиб чиқасан.
Таҳлилларинг ҳам қўрқинчли: яқин 10 йилда ҳатто кредитга ҳам уй ололмаслигингни ўйлаб, сиқиласан, ўзинг ёнбош, хотининг дарддош, орада болаларинг туғилиб, йиғиси ситамдош бўлаверади…”

Шаҳруза САТТОРОВА