Бухорода янги университет очилади

Бухоро вилояти Қоракўл туманида Ҳиндистоннинг Ачаря International University of Uzbekistan университетини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қоракўл туманида Ачаря International University of Uzbekistan университетини ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндистоннинг Ачаря институтлар тармоғи ўртасида уч томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Ушбу шартномани имзолашда вазир ўринбосари Ж.Эгамбердиев ҳамда Ачаря институтлар тармоғи ижрочи директори Шалини Реддй иштирок этди. Университет ташкил қилингандан сўнг биринчи йил 1400 нафар талаба қабул қилиниб, IT йўналишида Ҳиндистоннинг малакали профессор ўқитувчилари томонидан ўқитилиши бошланади.

Шунингдек, талабаларга замон талабларига жавоб берадиган қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида компьютер техникалари билан жиҳозланган ўқув ва лаборатория хоналари, энг сўнгги ахборот ресурслари билан бойитилган кутубхоналар билан бир қаторда шинам ётоқхоналар, спорт майдонлари, сузиш ҳавзалари ҳам барпо этилади.Ачаря институтлар тармоғи билан ҳамкорликда дунёнинг илғор компанияларини жалб қилган ҳолда талабаларни иш билан таъминлаш, дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини кўпайтириш режалаштирилган. Университетнинг мақсади мамлакатда ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.

Маълумот учун, Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Ҳиндистон–Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида АКТ вазирлиги ҳамкорлигида Ачаря институти билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.