Ҳукумат расмий ҳужжатларда мураккаб сўзлардан фойдаланишни тақиқлади

Янги Зеландия парламенти расмий ҳукумат ҳужжатларида мураккаб ва юқори даражада ихтисослашган сўзлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

“Содда тил тўғрисида”ги қонун амалдорлардан жамоатчилик билан мулоқот қилишда содда, тушунарли тилдан фойдаланишни талаб қилади. Янги Зеландия ҳукумати томонидан ўйлаб топилган мазкур қонун ҳужжатларни аҳолининг барча қатламлари учун, айниқса, таълим даражаси паст, ногиронлар ва инглиз тили иккинчи тил бўлганлар учун тушунарлироқ қилишни таъминлаши керак.

“Янги Зеландияда яшовчи одамлар ҳукумат улардан нима талаб қилаётганини ва уларнинг қандай ҳуқуқлари борлигини, ҳукумат уларга қандай ваколатлар берганини тушунишга ҳақли”, — деди қонун лойиҳасини тақдим этган депутат Рейчел Бояк.

“Содда тил қонуни” мухолифатнинг танқидига сабаб бўлди. Мухолифатчилар агар сайловда ғалаба қозонса, қонунни бекор қилишга ваъда берди. Уларнинг фикрича, бу қонун лойиҳаси «муаммолар келтириб чиқарадиган қарор» бўлиб қонуннинг ўзи бюрократик кечикишларга сабаб бўлади.