Инсонлар орасида ўз тирноқларини ейдиган кишилар борлиги барчамизга маълум. Одамлардан фарқли равишда айрим ҳайвонлар ўзларининг танасини ҳам ейдилар. Бу турдаги ҳайвонлар жонларини сақлаб қолиш учун ёки ўз ҳукмронликларини қўлдан бой бермаслик учун ҳам ўз наслига тегишли бўлган шерикларини ейдилар. Баъзи ҳайвонлар ўз танасининг бир қисмини ейди. Хўш, бунга сабаб нима?
Аслини олганда ҳайвонларнинг очликдан ўз танасини егани аниқланмаган. Бироқ қопқонга тушган бир қанча жонзотлар ўз оёқларини ёки думини тишлаб узиб олгани маълум. Ит, айиқ, маймун сингари ҳайвонлар бирор жойга қисилиб қолган қўли ёки оёғини қутқариш учун ўз суякларини ғажигани исботланган ҳақиқатдир. 2007 йилда Суматрадаги миллий истироҳат боғларидан бирида олинган суратда бир қоплоннинг ўнг панжаси йўқлиги кузатилган. Қоплоннинг қопқондан қутулиш учун панжаларини тишлаб узиб олгани тахмин қилинганди. Фақат юқоридаги ҳолатларнинг ҳечбири ўз-ўзини ейиш дейилмайди. Бу ҳолатларда ҳайвонлар ўлгандан кўра таналарининг бир қисмидан кечишни афзал билишган.
Polycarpa aurata (асцидия)ўз мияларини ейди
Танасининг бир қисмини ейдиган ҳайвонлар ҳам бор. Polycarpa aurata деб номланган денгиз остида яшовчи жонзотлар қурбақалар личинкасига ўхшайди. Ушбу жонзотлар денгиз тубидаги қояларда ҳаёт кечиради. Вояга етган Polycarpa aurataларнинг ички организми ҳам, ташқи кўриниши ҳам личинкадан бутунлай фарқ қилади. Личинканинг бош қисмидаги мияси ернинг тортиш қувватини сезиши учун ва маълум маконда ўзини тутиб тура олиши учун хизмат қилади. Личинкалар улғайгач, уларга эҳтиёж қолмагани сабабли мия қисмини ҳазм қилиб юборгач бошқа органга айланади.
Думини ейдиган илонлар
Илонлар эса ўз думини ейди. Бошқа илонларни ейдиган илон баъзан ўз думини бошқа илон деб ҳисоблаб ейишга уринади. Бу ишни улар атайлаб қилишмайди, албатта. Жумладан, бу турдаги илонлар думини ўлжаси деб ўйлаб гоҳида ҳужум қилишади. Айрим илонлар пўст ташлаганда ўз пўстини ейди. Дум қисмидаги пўсти ҳали танасидан ажралмаган бўлганлиги туфайли думларини ҳам қўшиб ейишга уринадилар. Ўз ўлжасини бўғиб ўлдирувчи илонларда ўлжасининг ҳиди ўз танасида ўрнашиб қолгани сабабли ҳам ўз вужудини ўша ўлжаси деб ўйлаб гоҳида емоқчи бўладилар. Бундан кўринадики, илон ўз думини қасддан емайди.