Мутахассислар хулосасига кўра, кейинги пайтларда коронавируснинг янги пайдо бўлаётган барча мутациялари “омикрон” штамми субвариантларидир.
АҚШ олимлари фикрича, улар орасида BQ.1 ва BQ.1.1 версиялари нисбатан хавотирли. Чунки бу вариантлар иммунитетга осон “чап бериш” хусусиятига эга. Қолаверса, аввалги штаммларга нисбатан инсон ҳужайралари билан яхшироқ алоқага кириша олади.
Айни пайтда мазкур мутациялар АҚШ ва Европада кенг тарқалмоқда. Хусусан, Қўшма Штатларда унинг улуши 35 фоиздан ортган. Шундан 16,5 фоизи BQ.1 ва қарийб 19 фоизи BQ.1.1 вариантларига тегишли. Ваҳоланки, ўтган ой бошида бу кўрсаткич атиги 2 фоизни ташкил этаётган эди.
Прогнозларга кўра, агар тегишли профилактик чора-тадбирлар кучайтирилмаса, ушбу янги мутациялар яқин келажакда доминант версияга айланиши мумкин.
Негаки, BQ.1.1 тез тарқалиш хусусиятига эгалиги, яъни бир ҳафта ичида икки баравар кўпая олиши лаборатор текширувлар давомида тасдиқланган.