Фарғонадаги қамоқхонада маҳкум вафот этди

Қўқон шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум юрак касаллиги оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2022 йил 01 июндаги ҳукми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва пробация ҳисобига олинган маҳкум Р.Н. ўрнатилган чекловларни бузиб, белгиланган ҳудудни тарк этганлиги аниқланиб, кўрилган чоралар натижасида 2022 йил 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ушланган. Шу куни Қўқон шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Шунингдек, 2022 йилнинг 8 ноябрь куни соат 02:56 ларда маҳкум Н.Р. ўзини ёмон ҳис қилганлиги учун у билан бирга сақланаётган С.Ю. назоратчи ходимларни ёрдамга чақирган. Ҳибсхона ходимлари муассасага ўрнатилган кузатув камераси орқали ҳолатни кўриб, зудлик билан тез-тиббий ёрдамга мурожаат қилишган. Муассасага етиб келган тиббиёт ходимлари соат 03:16 да маҳкумнинг ўлимини қайд этган.

Қўқон туманлараро суд-тиббий экспертиза бўлимининг 2022 йил 8 ноябрь кунидаги дастлабки ташхисига кўра, марҳум Р.Н.нинг ўлимига юракни сурункали ишемик касаллиги, юрак тож қон-томирларининг ўткир етишмовчилиги сабаб бўлган. Марҳумнинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.