Аввалроқ Гутерриш сўнгги саккиз йил Ердаги метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлганини маълум қилганди. Бу йил ҳарорат 150 йил олдинги саноатдан олдинги даврга қараганда 1,15 даража иссиқ бўлди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Мисрдаги COP27 иқлим конференциясидаги нутқи чоғида глобал ҳароратнинг кўтарилиши туфайли юзага келаётган ернинг аянчли тақдири ҳақида гапирди, деб хабар қилади «РБК».
«Иссиқхона газларининг чиқиндилари ортиб бормоқда. Глобал ҳарорат кўтарилишда давом этмоқда. Ва бизнинг сайёрамиз иқлим бетартиблигини тузатиб бўлмайдиган даражадаги кескин нуқтага яқинлашмоқда. Биз ‘дўзах иқлими’ сари йўлдамиз, оёғимиз эса газда (тезлаткич — таҳ. изоҳи)», — деди Гутерриш.
6 ноябрь куни БМТ Бош котиби сўнгги саккиз йил метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлганини айтганди.
Ҳисоботга кўра, жорий йилда глобал ўртача ҳарорат саноатдан олдинги даврга (19-асрнинг иккинчи ярми) нисбатан 1,15 даражага юқори бўлди. Гутерришнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши «ҳалокатли тезликда» содир бўлмоқда ва сайёра «қайғу сигналини юбормоқда».
Иқлим конференцияси арафасида турли экологик ҳаракатлар вакиллари Европада иқлим ўзгариши муаммосига эътиборни қаратиш мақсадида бир неча акциялар ўтказди. 5 ноябрь куни Амстердамда Extinction Rebellion ва Greenpeace Netherlands ҳаракати фаоллари Нидерландиянинг асосий аэропорти – Шипҳолдан шахсий реактив самолётлар парвозини тўсиб, рейслар сонини камайтиришни талаб қилди.
Акция иштирокчилари самолётлар остига жойлашди, баъзилари ўзларини уларга занжирбанд қилишга ҳаракат қилди. Намойиш тинч ўтган бўлса-да, аэропортни нормал иш режимига қайтариш учун охир-оқибат полициянинг аралашувигача олиб борилди.
Бундан ташқари, октябрь—ноябрь ойларида экофаоллар дунёнинг турли музейларидаги бир нечта санъат объектларига — масалан, Нидерландиядаги Мауритшуис музейида Ян Вермеернинг «Марварид сирғали қиз» картинасига зарар етказишга ҳаракат қилган.