Ўзбекистонда ковиднинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутацияси тарқалмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, Ўзбекистонда омикрон штаммининг ВА.5 варианти доминант версияга айланди.

Қайд этилишича, мамлакатда ноябрь ойидан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар сони сезиларли даражада ортмоқда. Хусусан, 1 декабрь куни республика бўйича 159 кишида касаллик рўйхатга олинди. Ўсиш динамикаси, аввало, кунлар совиб, одамлар асосий вақтини ёпиқ бино ва иншоотларда ўтказаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, COVID-19 нинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутациялари беморлар сони кўпайишига сабаб бўляпти.

Хўш, Ўзбекистонда ҳозирги кунда омикроннинг қайси субварианти доминант версияга айланган?

Буни аниқлаш мақсадида 10—12 ноябрь кунлари Республика махсус 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинган 27 нафар бемордан тиббий намуналар олинди. Шундан сўнг ушбу таҳлиллар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида секвенлаш жараёнидан ўтказилди. Натижада 27 нафар бемор омикрон штаммининг БА.5 субварианти билан зарарлангани маълум бўлди.

БА.5 субвариантининг аввалги мутациялардан фарқи нимада?

Мазкур версиянинг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5—6 кун эмас, 2—3 кунни ташкил этяпти. Унинг асосий белгилари:

томоқ оғриғи;
тана ҳароратининг гектик (41 даражагача) кўтарилиши;
бош ва мушакларда кучли оғриқ;
ҳолсизлик;
уйқучанлик;
конюктивит (10 фоиз ҳолатда);
ринт ва тонзилит (40 фоиз ҳолатда);
отит (10 фоиз ҳолатда);
диарея (10 фоиз ҳолатда) юзага келиши кузатилмоқда.
Шунингдек:
кучли ва хуружли йўтал;
баъзи ҳолларда кўкрак қафасида оғриқ;
нафас қисиши ва ҳаво етишмаслик белгилари юзага келмоқда.


Ўпка тўқимасининг зарарланиши 30—40 фоиз ҳолатларда кузатилмоқда. Бундай беморларнинг аксарияти уй шароитида ёки баъзи хусусий клиникаларда антибиотик, гормон препаратлари ҳамда томчи дориларни томир ичига мақсадсиз ва палапартиш қабул қилган юртдошларимиздир, — дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов.