Давлат тили департаменти энди йўқ, “Яна янги орган ташкил қилиб, бюджетга харажатларни кўпайтирамизми?”

Давлат тили департаменти энди йўқ, тилимиз ҳимояси билан шуғулланувчи бирор ваколатли орган борми?

(иккинчи мақола)

Аввалги мақоламизда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари соясида Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ҳам “ими жимида” тугатиб юборилаётгани ҳақида фикр юритган эдик.

Тилга алоқадор бундай тузилма мамлакат учун аслида нега керак ва у нималар билаш шуғулланиши шарт?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонида ушбу департамент олдига қатор муҳим вазифалар қўйилган эди.

Хусусан: давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш, ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш, давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш

Ўтган давр мобайнида департамент бу вазифаларни қанчалик даражада уддалагани ёки уддалай олмагани, нималар қилишга улгурганию нималарга “тиши ўтмагани” – бу алоҳида мавзу.

Лекин шуниси аниқки, глобаллашув шароитида тилимизга таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги замонда ҳақиқатдан ҳам узоқни кўзлаб қабул қилинган жуда оқилона қарор эди бу. Ҳаётнинг ўзи кун тартибига қўяётган ниҳоятда долзарб вазифалар белгилаб берилган.

Атамалар комиссияси ҳам энди ишламайди

Маълумки, Ўзбекистон Президентининг юқоридаги фармони асосида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги атамалар комиссиясининг фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атамалар комиссияси ташкил этилган эди.

Атамалар комиссияси фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти томонидан мувофиқлаштирилиши белгилаб қўйилган.

Энди департамент йўқ. Табиийки ўз-ўзидан Атамалар комиссияси ҳам ишламайди.

Хўш, энди бу вазифаларни ким бажаради?

Ҳеч ким!

Бизга давлат тилининг муҳофазаси билан шуғулланадиган, унинг софлиги, ривожланишини учун курашадиган, янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритишга “оқ йўл” берадиган, лингвистик экспертиза масалаларини мувофиқлаштирадиган, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйганларни аниқлаб, уларга ҳуқуқий таъсир чораларини кўра оладиган кучли мустақил орган ҳаводек керак! Бунга ҳозир жиддий қарамас эканмиз ҳозирги тезкор замонда ажнабий тиллар тилимиздаги бор сўзларни “ютиб юбориб” ўзиникини тиқиштираверади.

Департамент ҳам, атамалар комиссияси ҳам йўқ экан, давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ижросини қайси орган назорат қилади? Давлат тили учун қайғурадиган бирор ваколатли орган қоляптими ўзи?

Президент Администрацияси ҳузурида ёки Олий Мажлис қошида ёхуд Вазирлар Маҳкамаси таркибида, ҳеч бўлмаса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси таъминланишини назорат қиладиган Давлат инспекцияси ёки департамент ташкил этилиши шарт деб ҳисоблаймиз.

Шунинг учун янги ташкил этиладиган инспекция ёки департамент Атамалар комиссияси фаолиятини ҳам “юргизиши” керак бўлади.

Кимдир айтиши мумкин “Яна янги орган ташкил қилиб, бюджетга харажатларни кўпайтирамизми?” деб.

Давлат бюджетининг пули қаерларга кетмаяпти дейсиз? Бир тийинлик самара бермаётган соҳаларга миллиардлаб пуллар сарфланаётгани ойдин ҳақиқат-ку.

Шуларнинг қаторида Давлат тили учун озгина маблағ сарфласак бунинг нимаси ёмон?

Биз шу вақтга қадар Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида фаолият кўрсатган ўша департамент сақлаб қолинсин, деган фикрдан йироқмиз. Лекин унинг негизида унинг олдига қўйилган вазифаларни астойдил бажарадиган кучли мустақил тузилмани ташкил этиш тарафдоримиз.

Тил – миллатнинг руҳи, ўзлиги. Тилни асрамоқ, ўзни, ўзликни асрамоқдир. Тилимизни асрайлик – ўзимизни асрайлик!