Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни «Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни «Lex.uz» қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги 208 та туман ва шаҳар иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилган. Тоифага қараб бу туманларга солиқ имтиёзлари, субсидия ажратиш тартиби ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланади.
Хусусан, 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар давлат боғчаларида бола таъминоти учун тўловлар туманларнинг тоифасидан келиб чиқиб, қуйидагича камайтирилади:
5-тоифадаги туманларда — 50 фоиз;
4-тоифадаги туманларда — 50 фоиз;
3-тоифадаги туманларда — 30 фоиз.