Қирғизистонда хонандаларга фонограммада куйлаш тақиқланди

2023 йилнинг 1 январидан Қирғизистонда қўшиқларни фонограмма орқали ижро этиш тақиқланди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигига таяниб “Sputnik.kg” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, айни вазирлик раҳбари Олтинбек Мақсудов театрлар, спорт иншоотлари, филармониялар, концерт заллари, кинотеатрлар, клублар, музейлар, кутубхоналар ва оммавий тадбирларда қўшиқларни фонограмма орқали ижро этишни тақиқлашга буйруқ берган.

Ушбу буйруқ ижросини таъминлаш, санаб ўтилган муассаса раҳбарларига юклатилган. Унинг ижроси устидан назоратни эса вазир ўз зиммасига олган.

Қирғизистондаги бир нечта хорижий ва маҳаллий ОАВ ҳам ушбу янгиликни чоп этган бўлишига қарамай, Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги расмий сайтидан расмий ҳужжатни топишнинг имкони бўлмади. Бундан англашиладики, вазирнинг буйруғи расмий мақомга эга бўлмаслиги мумкин.

Маълумот ўрнида, Олтинбек Мақсудов 2022 йилнинг октябрь ойида Қирғизистон Президенти Садыр Жапаров томонидан мазкур лавозимга тайинланган. У 2014–2016 йилларда ҳам ана шу вақтдаги Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазирлигини бошқарган эди.