Нукус шаҳрида содир бўлган ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши юзасидан қўшимча маълумот берилди

Кеча, 29 январь куни соат 16:15 ларда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри «Темир жол» МФЙдаги 4 қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган хонадонларнинг бирида ҳаво-газ аралашмаси чақнаши содир бўлган. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, юзага келган кинетик зарба натижасида бино конструкцияларига қисман шикаст етган.

Зудлик билан воқеа жойига ФВВ қутқарувчилари ва тегишли идоралар ходимлари етиб бориб, қидирув-қутқарув ва бинонинг қулаган конструкцияларини тозалаш ишларини амалга оширмоқда.

Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қиз турли даражадаги жароҳатлар билан қутқарувчилар томонидан чиқариб олиниб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

Бино конструкциялари орасидан қидирув-қутқарув ишлари олиб бориш жараёнида бир нафар фуқаронинг жасади топилган.

Айни вақтда бинонинг конструкцияларини тозалаш ишлари давом этмоқда.

Воқеа юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилди.