Эстонияда Зеленскийнинг ҳайкали ўрнатилди

Эстониянинг Тарва шаҳрида Украина Президенти Владимир Зеленский учун махсус ёдгорлик ўрнатилди. Бу ҳақда Эстония бош вазири Кая Каллас ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.

Ҳайкалда Зеленский Украина гербини ушлаб турган ҳолатда тасвирланган. У Нью-Йоркдаги Озодлик ҳайкали услубида ишланган. Улкан ёдгорлик қуришда қумдан фойдаланилган бўлиб, уни эстонияликлар Украина Россия Федерацияси устидан ғалаба қозонгунча сақлаб қолиш ниятида.

Кай Калласнинг сўзларига кўра, эстонияликлар Украинага турли йўллар билан ёрдам беришини таъкидлаган.

“Эстонияликларнинг Украинани қўллаб-қувватлаши шубҳасиздир. Бунинг аломатлари Эстониянинг ҳамма жойларида кўринади. Тарва шаҳри маҳаллий аҳолиси Президент Зеленскийнинг монументал қум ҳайкали билан Украинага бағишланган Озодлик боғини яратди. Улар Украина урушда ғалаба қозонмагунча уни сақлаб қолиш ниятида”, дея таъкидлаган бош вазир.

Шоҳиста Сулаймонова