Афғонистонлик 875 минг бола тўйиб овқатланмаётгани маълум қилинди

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) афғонистонлик 875 минг боланинг тўйиб овқатланмаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, болалардан ташқари ҳомиладор аёллар ҳам етарли даражада тўйиб овқатланмаяпти.

ЖССТ тўйиб овқатланмасликка қарши курашиш мақсадида жорий ҳафтада турли вилоятларда ҳамширалар томонидан машғулотлар ўтказилаётганини қайд этди.

Толибоннинг Афғонистонда ҳокимият тепасига келишидан кейин чуқурлашган иқтисодий инқироз туфайли мамлакатдаги гуманитар инқироз ҳам авж олди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, кўпчилиги ёш болалардан иборат Афғонистон аҳолисининг учдан икки қисмига тўғри келган 28 миллион киши шошилинч равишда гуманитар ёрдамга муҳтож.