2023 йилда илм-фан ва инновацияларга 1,8 трлн сўм йўналтирилади

Бундан фойдаланиб, сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби йўналишларда илмий асослар яратилади.

Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни ижтимоий соҳаларга масъул раҳбарларни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда таъкидланишича, сўнгги йилларда олимларнинг иш ҳақи 4,5 баробар оширилган. Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилмоқда. Бундан фойдаланиб, сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби йўналишларда илмий асослар яратилади.

Ёш авлодни юксак маданият руҳида тарбиялаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Театр, мусиқа ва кино соҳаларини ривожлантириш, мақом ва бахшичиликни асраб-авайлаш муҳимлиги таъкидланди. Халқ маданияти ва табиат масканларини кенг тарғиб қилиб, туристларга шароитларни яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди.