Зилзила қурбонлари 36 мингдан ошди

Бугун, 16 февраль Туркиядаги ҳалокатли зилзила қурбонлари сони 36 187 нафарга етди. Бу ҳақда Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бошқармаси (AFAD) маълум қилди.

AFAD маълумотларига кўра, эпимаркази Қаҳрамонмарашда бўлган икки зилзиладан сўнг 4323 та ер силкиниши қайд этилган.

Туркия вилоятларида 108 068 киши жабрланган, 216 347 киши эвакуация қилинган.

Табиий офат ҳудудида қидирув-қутқарув ишларига Туркиядан 29 944 нафар, бошқа давлатлардан 11 488 нафар қутқарувчи жалб этилган.

AFAD мутахассислари, полиция, жандармерия, Миллий Мудофаа вазирлиги, Миллий Тиббий Қутқарув Гуруҳи, тез ёрдам бригадалари, кўнгиллилар, маҳаллий хавфсизлик кучлари ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларини ўз ичига олган ҳолда, офат оқибатларини бартараф этишда қатнашган ходимлар сони 253 016 кишига етди.

Маълум қилинишича, табиий офат ҳудудига эвакуатор, кран, бульдозер, автомашина, сув ташувчи, тиркама каби 12 минг 513 дона махсус техника етказилган.